Хоразмда онкологик ислоҳотлар  инсон қадри учун хизмат қилмоқда   

26.04.2022 11:04:39

Аввал хабар берганимиздек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг негизида  инсон қадрини улуғлаш тамойили мужассам экани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Айниқса, инсон ҳаётида бирламчи соғлиқ масаласи ўрин тутган экан демак, саломатлик посбонлари шу қадар қадрли ва улуғ инсонлар эканини минг карра эътироф этсанг-да кам.

Бу эътирофу эътиборни ҳар гал хизмат сафари юзасидан шифокорларнинг  хайрли ишига ошно бўлганимизда такрор ва такрор дилдан ҳис этамиз ва  борингизга шукур дея пичирлаб қўямиз.

хоразм1

Бугун эрталабдан  Республика шошилинч илмий маркази Гурлан туман бўлимида  Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Хоразм филиалида фаолият олиб бораётган  бир гуруҳ  тажрибали онкологларнинг   “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган бир гуруҳ беморларда бепул жарроҳлик амалиёти муваффақиятли  бажарилди.

Тумандаги  “Сахтиён” маҳалласида яшовчи Эркиной Аманова  бир неча ойдан буён соғлигида муаммолар бўлиб,  туман тиббиёт марказига мурожаат этган эди,  беморда касаллик асоратлари аниқланиб, вилоят Онкология марказига йўлланма берилди.  Марказда замон талаблари асосидаги тиббиёт ускуналар ёрдамида беморга бачадон танаси ўсмаси ташхиси қўйилди. Бемор “Аёллар дафтари” рўйхатида тургани боис, муассаса томонидан бепул жарроҳлик амалиёти ташаббуси қўлланилди.

хоразм4

Операция муваффақиятли ўтгани ҳамда Давлатимиз томонидан онкология соҳасига қаратилган эътибор ва имкониятлар воҳамизни чекка ҳудудларида  соғлиги туфайли моддий томондан  қийналиб келаётган  қанчадан-қанча оилаларга  қувонч улашилиб келинаёгани тўғрисидаги эътирофлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали директори, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси  Тоҳир Палвановнинг  оммавий ахборот воситаларига  берган интервьюсида  ўз ифодасини топди.

Чап кўкрак бези ўсмаси ташхиси қўйилган  галдаги беморда ҳам  жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.

Юртимизда инсон қадри шунчалар асраб-авайланиб келинаётганига  73 баҳорни қаршилаган  отам оғир касалликни бошидан ўтказган даврида  яна бир бора амин бўлдик, – дейди бемор  Тўра Матқурбоновни қизи Саида Матқурбонова. Республика ва  вилоят  онкология маркази шифокорлари ҳеч қандай харажатларсиз, қийинчиликларсиз  туманимизга келиб  жарроҳлик амалиёти бажаришди.  Қувончимиз чексиз, шифокорларга оиламиз номидан миннатдорлик билдирамиз.   Инсонлари қадр топган юртда яшаётганимиздан бахтлимиз. 

хоразм3

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш масаласи шу қадар илгарилаб кетдики, дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология  илмий-амалий тиббиёт маркази радиолог- шифокори  Ҳамиджон Матюсупов. – Буни Биргина марказнинг Хоразм филиалида кўрадиган бўлсак,  филиал   фаолиятини намуна сифатида қайд этиш жоиздир. Давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибордан жамоа ҳамжиҳатликда самарали  фойдаланиб, инсонлар саломатлиги   йўлида  жонбозлик кўрсатишмоқда.  Замонавий тиббий технологиялар асосида  бир қатор  мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилмоқда.  Бу эса ўз навбатида  мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашда  хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда барча ҳаракатлар инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлса, инсонлари қадрланган юртнинг  эса толеи ҳам баланд бўлиши муқаррардир.

 

                                                                                        Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                      Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси  аъзоси      



Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+