Янгиликлар 1374
Хоразмда ёш адолатчи Конституция билимдонлари сафи ошиб бормоқда
Воҳамиз бўйлаб, партиямиз томонидан ташкил этилган ва ёшлар орасида анъанага айланиб улгурган “Конституция билимдони” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари юртдошларимиз томонидан илиқлик билан кутиб олинмоқда.
Хусусан, Урганч давлат университети академик лицейида танловнинг Урганч шаҳар босқичи ҳам кўтаринкилик билан ташкил этилди.
Иштирокчи ёшлар танловнинг ўзини таништриш, Бош Комусимиз тўғрисидаги саволлар ҳамда эркин мавзу шартларини фаоллик билан бажардилар.
Шартларни бажарилишини ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳолисона баҳолаб боришди.
Гуламдон Жумамуротова, хакамлар ҳайъати раиси:
- Бир-биридан зукко, чаққон ёшлар танлов шартларини моҳирлик билан бажардилар. Шартларни баҳолаб бориш жуда қийин кечди. Шундай иқтидорли ёшларимиз борлигидан хурсанд бўлдик, ғурурландик. Танловнинг келажаги порлоқ эканига яна бир бор амин бўлдик.
Ҳайъат аъзоларининг хулосасига кўра, УрДУ академик лицей ўқувчиси Тўхтажон Қурязова ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди, ТТА Урганч филиали қошидаги лицей ўқувчиси Меҳринисо Комилжанова 2-ўринга, 1-сон касб-хунар мактаби ўқувчиси Мафтуна Бобожанова 3-ўринга эга бўлишди.
Тўхтажон Қўрязова, танлов ғолиби:
- Танловга тайёрланиш жараёнида Бош Комусимиз тўғрисидаги ҳамда сиёсий ва ҳуқуқий билимларимни мустахкамлаб олдим. Яқиндагина “Адолат дўпписига” эга бўлгандим. Бу эътибор ҳам ғолиб бўлишим учун куч ва ишонч бағишлади. Партиянинг ёш адолатчиси сифатида юртимга фидокорона хизмат қиламан. Танловнинг вилоят босқичида ҳам ғолиб бўлиш учун бор куч ва истеъдодимни сафарбар этаман.
Шунингдек, танловнинг Хива, Шовот, Қўшкўпир, Янгиариқ туман босқичлари ҳам кўтаринкилик билан бўлиб ўтди. Мазкур танловларда ҳам ёшлар шартларни бажаришдаги билим ва итеъдодлари билан иштирокчиларни қойил қолдирдилар.
Хива туманидан, Тиббиёт коллежи ўқувчиси Кумушой Норбоева, Шовот тумани 1-сон касб-хунар ўқувчиси Бекмурод Қурбондурдиев, Янгиариқ тумани 11-сон ИМИ ўқувчиси Иқболой Палванова, Қўшкўпир тумани 1-сон касб-хунар мактаби ўқувчиси Машариф Машарипов кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланма олишди.
Бир сўз билан айтганда, кўрик-танловнинг амалиётга мақсадли йўналтирилгани натижасида, Конституция билимдонларининг сони тобора ортиб бораётгани билан бир қаторда, ёшлар онгида Ватанга бўлган муҳаббат, келажакка бўлган ишончни юксалтиришда ҳамда партиянинг сафини иқтидорли, фаол ёшлар ҳисобига ошришда хизмат қилиши билан қувонарлидир.
Воҳамизда кўрик - танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг