Хоразмдан Қурултойга делегатлар сайланди

26.08.2021 15:08:21

Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят Кенгашининг  V-конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияга  шаҳар ва туман Кенгаши конференцияларидан сайланган делегатлар  билан бир қаторда партия фаоллари, депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари раислари, ёш адолатчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

 Конференция кун тартибида “Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг ҳисобот даврида партиянинг “Адолат - ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” деб номланган сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти”, “Адолат” СДП Қурултойига делегатларни  сайлаш”, “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаш аъзолари таркибига қисман ўзгартириш киритиш” тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан   “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси  Тоҳиржон Палвановнинг  ҳисобот маърузаси тингланди.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда партия Хоразм вилоят Кенгашида жами 42 минг 594 нафар аъзо 277 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларда 50 нафар депутат  фаолият олиб бормоқда.     

Шунингдек партиянинг 30 га яқин  лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида партиянинг халқ орасидаги танилувчанлиги ошиб бормоқда.  Жумладан,  ҳафтанинг ҳар чоршанба куни  амалга ошириладиган “Муаммо билан юзма-юз”, ҳар сешанба куни “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустахкамлаш- демократик жамият пойдевори” , шунингдек, “Бир ойда бир иш ўрни”,  “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Саховат - беназир қадрият”  каби қатор лойиҳалар партиямиз фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳаётга татбиқ этилиб, юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашида аҳамиятли бўлмоқда.

2021 йил давомида ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича жами 326 та маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди. Унда 3467 та хонадон ва 423 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Аҳоли томонидан келиб тушган 296 та мурожаатлар юзасидан 225 та депутатлик сўровлари юборилиб, улардан 225 нафарнинг барчаси ижобий ечимини топди. 70 дан ортиқ мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди. 24 та масала тегишли сессиялар кун тартибига киритилиб, сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди.

Шундан сўнг музакора учун сўзга чиққан бир қатор делегатлар вилоят Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини “қониқарли” деб баҳолашди. Жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган  партиянинг X-Қурултойига  17 нафардан иборат бўлган  делегатлар сайланди.

Конференция сўнгида  Кенгаш аъзолари таркиби қисман  янгиланди ва кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

                                                                                                             Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                      Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                             Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+