Янгиликлар 629
Хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида партия сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб ёндашди. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзолари томонидан берилган таклифлар эътиборга олингани ва уларнинг айримлари ҳужжат матнида акс этганлигини қайд этдилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ва мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишини кучайтиришга хизмат қилишини инобатга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.
Фракция йиғилишида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатлар Давлат дастурининг партия сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида эпидемиологик кўрсатмага асосан 7 ёшгача болаларни қизамиққа қарши эмлаш учун 2 млн 95 минг доза қизамиқ вакцинаси харид қилиниб, 1 ёшгача болаларни режали эмлаш учун 1 млн 481 минг доза ИПВ вакцинаси мурувват ёрдами сифатида республика миллий вакцина омборига олиб келинган. Шунингдек, республика бўйича 7 ёшгача бўлган 3 млн 870 минг нафар болалар ўртасида қизамиққа қарши эпид кўрсатма бўйича оммавий эмлаш тадбирлари ўтказилган.
Онкологик касалликларни эрта аниқлаш, ўлим кўрсаткичини камайтириш ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек, 45-65 ёшдаги аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва уларни оммавий скрининглар билан қамраб олиш бўйича 985 минг нафар аёллар скрининг текширувлари ўтказилган.
Мунозаралар давомида депутатлар ҳисобот даврида бажарилган ишларни эътироф этиб, Давлат дастурининг айрим бандлари бўйича аниқлаштирувчи саволлар беришди.
Хусусан, депутат Ойдин Абдуллаева Дастурнинг 42-бандида маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгилангани, жумладан, ушбу мақсадда Самарқанд шаҳридаги тарихий ёдгорликлар киритилганлигини айтиб, ушбу ёдгорликларни таъмирлаш-тиклаш ишлари бошландими?, деган савол билан мутасаддиларга юзланди.
Мутасаддилар ушбу масала юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, бу масала бўйича ёзма равишда қўшимча маълумот берилиши билдирди.
Фракция аъзоси Музаффара Абдиева эса мактабларни дарсликлар билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан қизиқди.
Маълум қилинганидек, мактаб дарсликларини тарқатиш чораклик режа асосида амалга оширилмоқда. Яъни, дарсликлар қисмларга бўлиб тарқатиляпти. Бунинг натижасида дарсликларга бўлган талаблар тўлиқ қопланади. Эскирган дарсликлар йил давомида янгиланиб борилади.
Фикрингизни қолдиринг