Янгиликлар 1526
Хотин-қизлар бандлиги – устувор вазифа
Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини рақамлаштириш шароитида давлатнинг энг асосий вазифалари бўлиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топиш, мавжуд давлат дастурлари ижросини таъминлаш, камбағалликни камайтириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ҳисобланади. Мазкур устувор вазифаларни амалга оширишда аҳолини иш билан таъминлашнинг самарали ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса айниқса, қишлоқ жойлардаги ишсизлик, норасмий иш билан бандлик ва камбағаллик даражасини камайтиришга бевосита ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти, Избоскан туманининг “Қўғай” маҳалласида “Соҳиб омад баракаси” кластери томонидан ташкил қилинган “And gold” тикув-трикотаж корхонасига ташрифи давомида бу ерда иш билан таъминланган 830 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Сизларга ўзимнинг ҳурматимни, муҳаббатимни билдираман. Ўзларингиз яшайдиган қишлоқда ишли бўлганларингиздан хурсандман. Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Бу ишларни яна давом эттирамиз. Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Қишлоқ жойларда иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича ҳукуматимиз томонидан комплекс чора-тадбирлар олиб бориляпти, шу билан биргаликда, тармоқ ва ҳудудий дастурлар амалга оширилмоқда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида кластерлар ва кооперация тизимлари жорий этилмоқда.
Мазкур тикув-трикотаж корхонаси ҳам амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар натижасидир. Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади.
Шу ерда Андижон вилоятида саноат тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.
Шоира АКБАРОВА,
Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг