Янгиликлар 480
Хотин-қизлар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Бугунги кунда аёлларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Аёлларга нисбатан зўравонлик – инсон ҳуқуқларининг кенг тарқалган бузилишларидан бири ҳисобланади. У хотин-қизларни тенглик, хавфсиз ҳаётдан маҳрум қилади, инсон қадр-қимматини ерга уради. Шу боис, бутун дунёда бу муаммога қарши кураш олиб борилади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам кейинги вақтларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларга янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда ушбу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири партиянинг Шароф Рашидов туман Кенгаши томонидан тумандаги 29-умумтаълим мактабида «Бир адолатчи — юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаймиз» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партиянинг туман Кенгаши вакиллари, халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутатлари, туман «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатда оила ва хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, гендер тенглиги, аёлларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилиш тизими анча кучайтирилаётганлиги, шунингдек, аёлларни жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, ҳали ҳануз бундай ҳолатлар учраб турганлиги, зўравонликка учраган хотин-қизлар реабилитация билан етарлича қамраб олинмаганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, хотин қизларга кўрсатиладиган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ва улардан ҳимояланиш, аёлларнинг жамиятдаги мавқейини янада ошириш, тазйиқ ва зўравонликка учраган шахсларга ҳимоя ордерларини бериш тартиби ва аёлларни реабилитация ва ҳимоя қилиш маркази фаолияти борасида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.
«Адолат» СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг