Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашдан мақсад нима?

20.03.2021 12:03:56

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи хотин-қизлар ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз тараққиёти, унинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, кўплаб фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ҳамда жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Асосий Қонунимизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилгани, ўз навбатида, уларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, юртимиз равнақи йўлида бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиб, меҳнат қилишларига зарур шароит яратмоқда.

Юртбошимизнинг 2021 йилги Мурожаатномасида “Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш –ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир” дея таъкидлаб ўтган эдилар. Қолаверса, 2021 йилга мўлжалланган давлат дастурининг “Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш” деб номланган 268 бандида ҳам “БМТ-аёллар” тузилмаси билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Миллий гендер тенглиги стратегиясини амалга ошириш масалалариги муҳокама қилиш бўйича парламент форумини ўтказиш назарда тутилган. 

Албатта, булар хотин-қизларнинг оила, уй-рўзғор юмушлари билан чекланиб қолмасдан, барча соҳада ўз иқтидорларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан биргаликда, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, уларга эҳтиром ва эъзоз кўрсатишда дастуриламал бўлмоқда.

Кейинги пайтда хотин-қизларнинг ижро ҳокимияти органларидаги сонини оширишга қаратилган изчил ҳаракатлар ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда мавжуд 150 та депутатлик ўринларининг 48 тасини хотин-қизлар эгаллади.

Кўриниб турибдики, аёлларнинг мамлакатимизни демократик янгилаш, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги роли тобора ортиб бормоқда. 
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз бизнесини бошламоқчи бўлган аёлларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, шунинг самараси ўлароқ янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Айни чоғда кўплаб тадбиркор аёллар юртимиз иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшаётгани диққатга сазовор.

Яна бир йўналиш — хотин-қизлар спортини ривожлантириш, фарзандларимизда, айниқса, қиз болаларда жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар аёллар ўртасида спортнинг тобора оммалашишига, шу орқали улар орасида халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир атлетлар сонининг кўпайишига хизмат қилаётир.

Мухтасар айтганда, хотин-қизларимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар улар салоҳияти ва имкониятларини юзага чиқаришга, пировард натижада фаол, ташаббускор, фидойи аёллар сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

 

Дилдора ЖЎРАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Шароф Рашидов туман Кенгаши

“Аёллар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+