Янгиликлар 988
Хотин-қизлар - келажагимиз яратувчилари
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг мавқеи ҳамда қадр-қиммати давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда, нафақат интернет ижтимоий тармоқлари орқали балки, партиянинг “Муаммо билан юзма-юз”, “Бир адолатчи - юз аёлга ҳимоячи” лойиҳалари доирасидаги фаолиятда ҳам кузатиб, гувоҳи бўлмоқдамиз. Қанчадан-қанча тазйиқ остида қолган аёлларимизга тегишли ташкилотларга оғзаки ёки депутатлик сўровлар орқали ҳимоя ордерлари олиб берилганини қайд этиш мумкин.
Қонун устувор бўлган жамиятимизда бундай зўровонликларга йўл қўйилмаслиги учун қонуний чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилган.
Хотин-қизларнинг орқасидан кузатиб юриш, уларга гап отиш ва бошқа нафсониятга тегадиган сўз ишлатганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Хусусан, Адлия вазирлиги хотин-қизларнинг ҳаёти дахлсизлигини бузиш бўйича алоҳида модда киритиш таклифини илгари сурмоқда.
Бу каби фикрлар интернет тармоқларида жуда кўп бора музокараларга сабаб бўлди. Чунки, мамлакатимизда аёлларнинг шаъни, қадр-қиммати ҳамиша юқори турган. Жамиятда унинг нуфузини янада ошириш, уларнинг оиладаги ўрнини юқори тутиш энг долзарб мавзулардан бирига айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Сабаби аёл авваламбор она, жамият келажагининг яратувчиси, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бунёдкоридир. Уларни ҳар томонлама қадрлаш, эъзозлаш, билингки, унинг шаъни ва нафсониятини ҳам юқори тутиш энг муҳим вазифадир. Шундай экан уларга нисбатан ишлатиладиган ҳар бир сўзимиз ҳам ўринли бўлиши лозим.
Ушбу қонун агарда кучга кирса, ўйлайманки, жамиятдаги аёлларга ва қизларга нисбатан зўравонликлар камайган, шаънига айтиладиган сўзлар ҳам ўйлаб гапириладиган бўлар эди.
Қонунни кучга киритиш яна шуниси билан аҳамиятлики, кўплаб интернет тармоқларида оммавий шов-шувларга сабаб бўлаётган оиладаги эркакларнинг ўз аёлини турли хурмача қилиқлар билан шарманда қилиш ҳолатларига чеклов бўла олади. Шунингдек, аёл, хотин-қизларга нисбатан кўрсатилаётган куракда турмайдиган қилиқлар, ҳақоратомуз сўзларга нисбатан ҳам жуда ўринли жазо тури бўлиши билан ҳам муҳимдир.
Ўзбекистонимиз аёлини қадрлайдиган замин сифатида дунё ҳамжамиятида эътироф этилаётган бир пайтда, хотин-қизларимизни ардоқлаш, уларга келажагимиз яратувчилари сифатида эҳтиром кўрсатиш ҳар биримизнинг олдимизда турган муқаддас бурчимиз эканини унутмайлик.
Руҳия ИСМОИЛОВА,
“Адолат” СДП Қўшкўпир туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг