Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш  - давр талаби

10.01.2021 10:01:58

Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу йилги Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келди. 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди.

Аввало,  барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.

Биргина жорий йилда ёлғиз аёллар, боқувчисини йўқотган аёллар, ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилиб, 1 миллион 200 минг нафарга етказилди. Ушбу мақсадларга бюджетдан 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.

Бу йил олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.

Эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди.

2021 йил олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.

Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.

Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибордир. Шу мақсадда кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда – 11 миллион нафар, 2022 йилда – 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Биринчи навбатда, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлашимиз лозим. Бу масалада халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар якунига етказилмоқда. Келгуси йил 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол ҳаражатлари миқдори эълон қилинади.

Шу билан бирга,  “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилади.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солинишига мурожаатномада алоҳида эътибор қаратилди.

Аёлларнинг дарду ташвишлари, кундалик муаммолари, орзу-ниятларини уларнинг ўзидан яхши тушунадиган инсон йўқ. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борган ислоҳотларимиз натижасида Парламентимиз янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборат бўлди. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

Энди хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишни таклиф қилинди  давлатимиз раҳбари.

Жамиятда хотин-қизлар ролини янада ошириш, ана шу мақсадда Республика Хотин-қизлар жамоат кенгашини ташкил қилиш, унга Танзила Норбоевани раҳбар этиш таклифини илгари сурди Президент Мирзиёев.

Шунингдек, мурожаатномада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика ва ҳудудий жамғармаларни янги ташкил этиладиган кенгашлар ихтиёрига ўтказиб бериш белгилаб олинди.

Аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Бунинг учун “Халқ банки” томонидан жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади.

Олий Мажлис палаталари ва ҳукумат бир ой муддатда хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш белгилаб берилди.

Хотин-қизлар  фаоллигини ҳар қачонгидан кўра ошириш  масаласи бугунги кунда бутун давлат, партиямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Партиямиз томонидан ташкил этилган “Адолатнинг  фаол адолатли аёллари клуби”  аъзолар ўзининг давлат бошқарувидаги  барча билим ва тажрибаларини  ҳудудлардаги аёлларнинг  муаммоларини  бартараф этиш масалаларида    кўмаклашмоқда. Бу ҳаракатлар келажакда яхши натижа беради албатта.

 

Орзигул АЧИЛОВА,
Қарши тумани 
26-умумий ўрта таълим
мактаби ўқитувчиси,
партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+