Хотира ва қадрлаш куни барча юртдошларимизга муборак бўлсин!

08.05.2021 20:05:37

Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи: орзу ҳавас ҳам, мол-дунё ҳам, истак ва хоҳишлар ҳам ўз "яроқлилик муддати"га эга. Яъни ҳаётий муҳим масалалар кун келиб ўз долзарблигини йўқотиши мумкин. Бугун деб аталмиш қаҳрамон вақт синовидан ўтганч тарих номини олишга муқаррар. Ҳатто инсондек олий мавжудот ҳам ўз умрининг чегарасига эга. Демак одамдан фақат хотира қолади. Инсон ёди боқий, қадри улуғдир.

Юртимизда аввал "Ғалаба" байрами, сўнг Хотира ва қадрлаш куни тарзида нишонланиб келинадиган 9 май санаси давлатимиз миқёсида ўтказиладиган байрамлар орасида алоҳида ўринга эга. Бу кун ёдга олинадиган уруш даҳшати ҳозирги тинч ва фаровон кунларга шукр келтиришга ундайди. Буни, айниқса, мудҳиш кунлар билан ёнма-ён турган уруш фахрийлари юракдан ҳис эта оладилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида республикамизда уруш ва меҳнат фахрийлари, байналминал жангчилар, уруш ўчоқларида жароҳат олган ногиронлиги бор шахслар, умуман олганда, барча нуроний отахон ва онахонларга катта эҳтиром кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон "Адолат" СДП ҳам ўз фаолиятида ёши улуғ кишиларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатади. Партиямизда "Фахрийлар кенгаши" ташкил этилгани юртимиз бўйлаб "Саховат- беназир қадрият" лойиҳаси олиб борилаётгани ва унда кексаларга кўмак берилаётгани, ҳудудий кенгашларда "Адолатли қайнона" кўрик танлови ўтказилаётгани сўзимиз исботидир. Шунингдек, ёши улуғлар ва ногиронлиги бор шахсларни ўз уйида партиямизга аъзо қилишга ихтисослашган "Партия патронажи" лойиҳаси ҳам нуронийлар учун айни муддаодир.

Тинчлик неъмати -- барча учун бебаҳо. Демак Хотира ва қадрлаш куни ҳар биримизга тенг равишда тааллуқли бўлган байрамдир. Юртдошларимизни ушбу айём билан муборакбод этаман. Тинчлик неъмати доим барҳаёт бўлсин.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+