Хотираси мангу қалбимизда

02.08.2020 13:08:39

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг шу йил 31 июль куни 73 ёшида вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитиб, чуқур қайғуга чўмдик.

Муса Тажетдинович Ерниязов мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, ўзидан ёрқин из қолдирди. Қарийб 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, маънавий фазилатлари билан, Ватанимизга беқиёс муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди.

2002 йилдан ҳозирги вақтда қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари лавозимида ишлади.

У қорақалпоқ элининг ҳақиқий етакчиси сифатида доимо халқнинг дарду ташвишлари билан яшади. Ўз ҳалол меҳнати, фидойилиги билан халқимизнинг самимий меҳрини қозонди. 

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида шубҳасиз, Муса Ерниязовнинг ҳиссаси катта.

Муса Тажетдинович Ерниязовнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. У “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” ва “Ўзбекистон қаҳрамони” деган юксак унвонлар билан мукофотланган эди.

Умрининг охиригача самимий ва фидойи инсон бўлиб келган Муса Тажетдинович Ерниязовнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади.

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жамоаси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+