Янгиликлар 2108
Хотиржамликка берилмаслигимиз лозим
Шаҳар ёки қишлоқ кўчаларини кезсангиз, гўёки касаллик йўқдек, ҳаммаси ортда қолгандек, одамлар бамайлихотир, карантин қоидаларига риоя қилмасдан юрганининг гувоҳи бўласиз. Ҳаттоки, обрў орттиришни кўзлаб 300-400 кишилик тўй ўтказаётганлар ўзлари билиб-билмай нохуш вазиятга сабаб бўлиши мумкинлигини ўйлашмаяпти ҳам.
Унутмаслик керак, COVID инфекцияси шу даражада маккорки, олимлар бу борада қанча кўп ишламасин, янги вакциналар, дори воситалари яратилмасин касаликка аниқ чора бўладиган усул топилгани йўқ. Янги-янги штаммларнинг пайдо бўлаётгани тиббиётда ҳам мураккабликларни юзага келтирмоқда. Ушбу таҳдид аввало, инсонлар саломатлигига таъсирини ўтказиб, оғир оқибатларга олиб келаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Боз устига, инфекцияга чалинаётганлар сони дақиқа сайин ортиб бормоқда. Дунё бўйича шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кузатилаётган ўлимлар сони, рақамлар ташвишли тус олиш баробарида барчамизни янада огоҳликка ва ҳушёрликка чорламоқда.
Ҳозирги кунда юртимизда касаллик турли кўринишда учраётгани ва аҳоли орасида кенг тарқалаётганини инкор эта олмаймиз. Айнан ёпиқ хоналарда, одамлар кўп тўпланадиган жойларда касаллик тарқалиш хавфи ортади. Афсуски, аҳоли ўртасида белгиланган карантин қоидаларига кўп ҳолларда риоя қилмаслик оқибатида касалликнинг тарқалиши тезлашиб, оғир ва ўта оғир ҳолатга тушаётган беморлар борлиги қайд этилаётир. Юртдошларимиз карантин қоидаларига жиддий риоя қилиш билан бир қаторда белгиланган тартибда вакцина олиш, яъни эмланишни ҳам унутмасликлари керак. Турли хил шамоллаш аломатлари кузатилганда зудлик билан патронаж ҳамшираси, оилавий шифокор ёки тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда ҳар бир давлат бу касалликнинг олдини олиш чора-тадбирларини, яъни профилактика, даволаш ва реабилитация ишларини амалга оширмоқда. Афсуски, коронавирусдан тўлиқ тузатадиган дори воситаси ҳали ишлаб чиқилгани йўқ. Ҳозирча ягона имконият вакцина бўлиб турибди. Коронавирусга қарши юқори даражада иммунитет ҳосил қилиш учун 21–26 кун оралиғида 2 ёки 3 марта эмланиш талаб этилади.
Коронавирус инфекциясига чалинган ҳолатларда даволанишдан сўнг доимий шифокор назоратида бўлиш, кейинги асоратларнинг олдини олиш, ўз вақтида реабилитация тадбирларини ўтказиш ҳамда карантин қоидаларига риоя қилишда давом этиш энг муҳим восита бўлиши шарт.
Шифокор сифатида мурожаат қилмоқчиманки, ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларга антисептик воситалар билан ишлов бериш ёки совун билан ювиш ҳамда уйга келганда томоқ ва бурунни уч-тўрт марта илиқ сувда чайиш, кунига 3-4 литрдан ортиқ суюқлик ичиш лозимлигини унутмаслигингиз лозим. Бу каби чоралар орқали коронавирус инфекциясидан нафақат ўзимизни, балки бу касалликдан оиламизни, хонадонимизни ҳимоя қилган бўламиз.
Наргиза НОРМИРОВА,
Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати,
олий тоифали шифокор
Фикрингизни қолдиринг