Янгиликлар 1153
Ҳудудларда тараққиёт стратегияси муҳокама қилинмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармон лойиҳаси ва 2022 йилнинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланиши мамлакатимизда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган «Инсон қадри учун» эзгу ғоясининг амалга оширилиши, қолаверса, халқимиз хоҳиш-иродаси ва орзу умидлари рўёбига хизмат қилади.
Ана шундан келиб чиқиб, мазкур Тараққиёт стратегиясини ҳудудларда партия фаоллари орасида тарғибот-ташвиқот қилиш муҳокамаларини ташкил этиш бошлаб юборилди.
Хусусан, Қумқўрғон туманидаги 61-сонли умумий ўрта таълим мактабида Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тадбирда партия Қумқўрғон туман Кенгаши фаоллари, депутатлар, БПТ фаоллари ва мактаб педагог-ўқитувчилари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар томонидан мазкур тараққиёт стратегияси лойиҳаси, мақсад ва вазифалар иштирокчиларга батафсил тушунтирилди.
Илёс Жумаев, партия фаоли:
- Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳасини халқ муҳокамасига қўйилиши замирида ҳам халққа ишониш, халққа таяниш ва халқ билан бамаслаҳат иш олиб боришдек, адолат тамойиллари мужассам, десак хато қилмаган бўламиз.
Бинобарин, Тараққиёт стратегиясининг 2022 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси» билан танишар эканмиз, унда илгари сурилган таклиф, мулоҳаза ва ташаббуслар моҳияти ҳақида қанча фикр юритсак ҳам кам. Унга кўра, барча соҳаларда хусусан, ижтимоий-иқтисодий йўналишда катта муваффақиятларга эришиб, эл-юрт тўкинчилигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш белгиланган.
Бу борада 2022 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»да мамлакатимизда халқаро соҳалар бўйича Олий ўқув юртлари ташкил этиш, квоталар сонини кўпайтириш, хорижий олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар жалб этиш, маҳаллий профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш каби вазифалар белгилангани диққатга сазовордир.
Биз партия фаоллари айнан шу ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини юзасидан иш олиб боришимиз, жараёнларда бош-қош бўлишимиз лозим.
Тараққиёт стратегияси – бу халқимизнинг ўй-ташвиши, орзу-ниятларининг рўёбга чиқишига хизмат қилади. Шундай экан, уни ҳар томонлама мукаммал ва тўлақонли ҳаётга жорий этишда ҳар бир фуқаро у қайси вазифада ишлашидан қатъи назар, масъул ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур Тараққиёт стратегияси лойиҳасига бағишланган тадбир партиянинг Музработ туман Кенгаши томонидан тумандаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам ташкил этилди.
Тадбирда Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати Сайёра Бердиева томонидан Тараққиёт стратегияси лойиҳаси иштирокчиларга таништирилиб, муҳокама жараёнлари ташкил қилинди ва жамоатчиликдан таклифлар олинди.
Мазкур тадбир давомида «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга йўналтирилган ушбу Тараққиёт стратегиясида юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланганлиги, «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутиши қайд этилди.
Мухтасар айтганда, Президентимизнинг мазкур Фармон лойиҳаси бугун халқ муҳокамасига қўйилгани ва фуқаролар томонидан фикр, таклиф ва мулоҳазалар билан бойитилаётгани бу адолатли жамият барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизга тўла мос келади.
Зеро, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар моҳиятини «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя ташкил этаётгани халқимизни мамнун этмоқда.
Гулшод Турсоатова,
«Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг