Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб вазифалари белгилаб берилди

16.08.2024 12:08:17

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг янги босқичида халқ манфаатларини юқори даражага чиқариш, фуқаролар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўзининг ҳар бир чиқишларида аҳоли билан ҳамнафас ишлаш, уларнинг дардини эшитиш ва ҳақиқий ҳаётга мос бўлган халқчил стратегияни амалга оширишда адолат тамойилига риоя қилиш долзарб масалалардан бири эканлигига катта урғу бермоқда. Шу боисдан мамлакатимизда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолатини чуқур таҳлил қилишда истиқболга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш учун уни комплекс баҳолашнинг ҳамда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиққан ҳолда уларга тезкорлик билан ва лозим даражада жавоб қайтаришнинг ягона мувофиқлаштирилган механизмини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни туманларни иқтисодий ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитлар яратиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тежамкор энергия омилларидан фойдаланиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишларига алоҳида аҳамият қаратилди. Маълумки, юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари йўлга қўйилган. Йиғилиш аввалида шу борадаги ишларнинг натижадорлиги кўриб чиқилиб, тегишли масъуллар ҳисоботи эшитилди. Масалан, Сайхунобод тажрибаси бўйича ҳар бир маҳаллада 10 тадан микролойиҳа қилиш вазифаси қўйилган. Бу орқали республикада жами 132 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 242 минг кишининг бандлиги таъминланганлиги ва шу билан биргаликда 26 та тумандаги 46 та маҳаллада бу ишлар суст кетаётганлиги танқид қилинди. Бундан ташқари Ғиждувон тажрибаси мингта маҳаллада кўп қаватли саноат бинолари ташкил этиш, Зарбдор тажрибаси эса жойларда драйвер лойиҳалар қилишга қаратилган.Ушбу 4 та туман тажрибаси давлат сиёсати экани таъкидланиб, уларни бажаришда сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қаттиқ чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди. Умуман, тажрибаларнинг ҳар бири бўйича масъулларга аниқ «KPI» белгиланиб, ижроси устидан қатъий сўров бўлиши таъкидланди. Йиғилиш кун тартибидаги асосий мавзу Бухоро вилояти мисолида тадбиркорларга кўпроқ шароит яратиш, ҳар бир туманни ихтисослаштириш, энергиядан оқилона фойдаланиш ҳақида бўлди. Йиғилишда ҳукумат аъзолари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари ва бошқа вилоятлар ҳокимлари ҳам иштирок этиб, Бухородаги имкониятлар бешта йўналишга бўлиб таҳлил қилинди ҳамда вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари саноат зоналарида ер ажратишни енгиллаштириш, бунга хизмат кўрсатишни ҳам қўшиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бундан буён сервис жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури – «хизмат ипотекаси» йўлга қўйилиши маълум қилинди. Йиғилишда энергиядан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бухорода 900 миллион киловатт электр ва 400 миллион куб метр газни иқтисод қилиш имкони борлиги қайд этилди. Бу – умумий истеъмолнинг 20 фоизига тенг. Жумладан, 42 та йирик корхонада ускуналарни янгилаб, 25 фоизгача электр ва газни иқтисод қилиш мумкин. Шу боис Энергетика вазирлиги, вилоят ва туман мутасаддиларига йил якунигача 4 мингта иншоотда қуёш панеллари ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун уларни сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги айтилди. Шунингдек, хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда, аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш чоралари белгиланди.

Йиғилиш давомида Президентимиз вилоят жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар ва ёшлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг юртимиздаги янгиланишлар, яратилаётган шароитлар самараси ҳақида ўз ҳаёти ва фаолиятидаги муваффақиятларини тинглади. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Амалга оширилаётган барча куч ва саъй-ҳаракатлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, муносиб шароитларда умргузаронлик қилиб, меҳнат қилишларига йўналтирилаётгани амалда қандай самара бераётгани мамлакатимиздаги бугунги қизғин жараёнларда ўз ифодасини топмоқда. Албатта, белгилаб берилган мақсад ва вазифаларнинг тўла тўкис амалга оширилиши жамиятнинг изчил ривожланишига, халқ фаровонлиги ва турмуш сифатининг янада яхшиланишига, Ўзбекистоннинг халқаро имиджининг юксалишига хизмат қилади.

Жасурбек ҚАРШИЕВ,
«Адолат» СДП
Жиззах вилоят 
Кенгаши
раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+