Янгиликлар 468
Ҳуқуқ ва эркинликлар самарали ҳимоя қилинади
Судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тез ва сифатли таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида судьялар сонини аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайтириш, шунингдек, судьяларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини яратиш каби вазифаларни амалга оширамиз.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг
Сайловолди дастуридан
Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ролини ошириш бўйича мақсадли ишлар олиб борилиб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.
Натижада одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражалари янги босқичларга кўтарилмоқда. Жумладан, ноҳақ айбловларга учраган мингдан ошиқ фуқаролар оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолган ҳамда ўз айбидан, босган нотўғри қадамларидан пушаймон бўлаётган кўпгина ёшлар ва хотин-қизлар жазолари маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазоларга алмаштирилмоқда.
Шу билан бирга, одил судлов тизимида ортиқча бюрократик тўсиқлар учраб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Айрим ҳолларда эса судьянинг ўртача иш ҳажми бир неча юзлаб суд ишлари ва материалларни ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида судлар томонидан ишларни кўриш муддатига ва сифатига салбий таъсир ўтказмоқда. Статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йил давомида жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судида 58 697 та жиноят иши, 539 686 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар 863 883 та, иқтисодий судлар 277 862 та ишни кўриб чиққан. Бунинг натижасида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судининг бир судьяси бир ойда ўртача 181 та ишни, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судининг судьяси 269 та, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судининг судьяси эса 163 та ишни кўриб чиқишига тўғри келмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бир судья бир ойда АҚШда ўртача 40 та, Канадада 50 та, Японияда 10 та, Германияда 15 та ва Буюк Британияда 20 та иш кўради. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг ўсиш суръати кундан-кунга ортиб бормоқда. Бироқ бугунги кунда судьяларнинг штатлар сони аҳоли сонига нисбатан мутаносиб эмас. Мамлакатимизда ҳар 100 минг аҳолига 3-4 нафар судья тўғри келса, бу кўрсаткич Германияда 24 та, Испания ва Италияда 10 та, Португалияда 19 та, Венгрияда 29 та, Хорватияда 42 та, Австралияда 27 тани ташкил этмоқда.
Шиддат билан ўзгариб бораётган замонда айрим тоифадаги ишлар борки, судьялардан мазкур ишларни ҳал қилишда нафақат чуқур юридик билим, балки бошқа соҳалар бўйича ҳам кўникмаларни талаб этади. Масалан, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича судья бўлиш учун юқори малакали ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи камлик қилади, техника, рақамли технологиялар соҳаларида ҳам билим керак бўлади. Шу боис, судьялар ресурсидан оқилона фойдаланиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлар сансалорлигининг олдини олиш учун судьяларнинг соҳалар бўйича ихтисослашувини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эгадир. Бунда меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларига оид йўналишлар мураккаблигига кўра ихтисослашувни талаб этади. Ўз навбатида, мазкур соҳаларда иш ҳажми ҳам салмоқли. Жумладан, 2022 йилда мамлакатимизда судлар томонидан 112 985 та оилавий ва 49 мингга яқин вояга етмаганлар билан боғлиқ ишлар кўрилган.
Хорижий тажрибага мурожаат этсак, оилавий судлар АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Германия, Сингапурда, меҳнат судлари Германия, Францияда, интеллектуал судлар Япония, Жанубий Кореяда самарали фаолият кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирда энг долзарб бўлган соҳалар, яъни меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича судьялар ихтисослашувини амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтанда, судьялар сонини кўпайтириш ва уларни ихтисослашувини кенгайтириш, аввало, одил судлов сифатини яхшилаш, судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасини камайтириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Ҳиммат ОҚБЎТАЕВ,
"Адолат" СДП
Самарқанд вилоят кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг