Янгиликлар 6615
Ҳуқуқий маслаҳатхона: Пенсия қандай тайинланади ва тўланади?
2011 йили “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинган.
Пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлгач...
Пенсия — уни олиш ҳуқуқи Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови.
Ташкилот маъмурияти ходим пенсия ёшига етган кундан кечиктирмай унинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлигини билдиришга мажбур. Ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда ташкилот маъмурияти мазкур ариза рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради. Агар ходимга пенсия тайинлаш рад этилган бўлса, бу ҳақда унга рад этиш сабаблари кўрсатилиб, ёзма равишда хабар берилади.
Бола парвариши таътили пенсияга қўшиладими?
Агар 30 йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл иш стажининг 8 йили мобайнида жами 3 болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 25 йил иш стажи ҳисобланади (30 йил — 8 йил + 3 йил = 25 йил).
Болани парваришлаш таътилида бўлиш даври (шу жумладан пули тўланадиган таътилда бўлиш) ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди.
Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида I ва II гуруҳ ногиронликда бўлиш вақти ёшга доир ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашда стажга қўшиб ҳисобланади.
Ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин ишланган вақт пенсия тайинлаш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди. Эртароқ муддатдан бошлаб ёшга доир пенсия тайинлашда стаж пенсия тайинланган кунгача ҳисобга олинади.
Ногиронлик пенсияси
Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияси, иш стажидан қатъи назар, тайинланади. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик оқибатида ногиронлик пенсиясига ўтказишда зарур стаж ногиронликнинг дастлабки белгиланиши вақтига нисбатан ёш бўйича белгиланади.
Иш даврида ёки иш тўхтатилгандан кейин 20 ёшга тўлгунгача умумий касаллик оқибатида ногирон бўлиб қолган шахсга пенсия, иш стажи давридан қатъи назар, тайинланади.
Ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки вафот этган ногирон учун боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.
Ногирон ва кекса одамга қараётганларга пенсия борми?
Олий таълим муассасаларида (шу жумладан уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий-таълим муассасаларида) аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқиш вақти дипломлар, шунингдек маълумотномалар ва архив маълумотлари асосида берилган ва ўқиш даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Иш даврида бошланган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври давомийлиги ушбу иш жойи бўйича бериладиган маълумотномалар бўйича белгиланади.
I гуруҳ ногиронига ёки 80 ёшга тўлган кексаларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномаларини расмийлаштиришнинг даврийлиги ҳар 12 ойга белгиланади. Қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш далолатномалари I гуруҳ ногирони ёки 80 ёшга тўлган кексаларнинг пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.
Ўқиш даврида академик таътилларда бўлиш, шунингдек тайёрлов курсларида ўқиш даври вақти иш стажига қўшиб ҳисобланмайди.
Чин етимлар таъминоти
Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади.
I ёки II гуруҳ ногирони бўлиб қолган шахснинг, шунингдек вафот этган, ногиронлик бошланган ёки вафот этган вақтида бир ойдан кам иш стажига эга бўлган боқувчининг иш ҳақи ишланган кунлар учун иш ҳақи суммасини ишланган кунлар сонига бўлиш ва олинган натижани ушбу ойнинг иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Ёшга доир пенсиялар — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига; I ва II гуруҳлар ногиронларига ногиронлик пенсиялари — пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига; боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз аъзосига — боқувчи ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизига оширилади.
Ҳар иккала ота-онасини йўқотган болаларга (чин етимларга) тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияларини ошириш энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдори доирасида ҳар иккала ота-онанинг иш ҳақи умумий миқдоридан амалга оширилади.
Фахрий унвон учун, шунингдек 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсионерларга қўшимча тўлов, пенсияга устама ҳақларнинг сони ва миқдорларидан қатъи назар, амалга оширилади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига битта умумий пенсия тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра унинг пенсиядаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади.
Пенсиянинг бошқа турига алмаштириш
Стаж тўлиқ бўлмаган ҳолда пенсия олган вафот этган пенсионернинг оила аъзоларига пенсия вафот этган боқувчига пенсия ундан келиб чиқиб тайинланган иш стажига мутаносиб равишда тайинланади.
Тўлиқ бўлмаган иш стажи ҳолатида пенсия қуйидаги тарзда мавжуд стажга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилади: дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади; ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади, олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади.
Пенсионерга расмий ҳужжат ҳисобланадиган пенсия гувоҳномаси берилади.
Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказишда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатилади ва қонун ҳужжатлари билан қўйиладиган талабларга мувофиқ бошқа турдаги пенсия тайинланади. Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтган пенсионерларга янги пенсия гувоҳномаси ёзилади.
Ўриндошлик асосида ишловчи пенсионерларга пенсия асосий иш жойидан тўланади.
Руҳий беморларга пенсия йўқ
Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.
Агар ногирон қайта тиббий кўрикдан ўтказишга келмаганлиги сабабли пенсия тўлаш вақтинчалик тўхтатиб турилса ва қайта тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин фуқаро ногирон деб эътироф этилмаса, у ҳолда пенсия тўлаш вақтинчалик тўхтатиб турилган кундан бошлаб тўхтатилади.
Қайта тиббий кўрикдан ўтказилган шахс меҳнатга лаёқатли деб эътироф этилган тақдирда пенсия у меҳнатга лаёқатли деб эътироф этилган ойнинг охиригача, бироқ ногиронлик белгиланган кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўланади.
Қариялар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, бироқ тайинланган пенсиянинг камида 10 фоизи ва уруш ногиронларига эса — камида 20 фоизи тўланади. Руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди.
Пенсионер руҳий беморлар учун, шу жумладан суд қарори бўйича даволаш муассасаларида бўлган вақт учун пенсия қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича тўланади.
Ўқувчиларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси улар 18 ёшга тўлгунга қадар тўланади. Бунда Пенсия жамғармаси бўлими ҳар йили таълим муассасасига ташриф буюрган ҳолда таълим олинаётганлиги ҳолатини белгилаш юзасидан мониторингни амалга оширади.
Д.АЛИМОВА тайёрлади

Фикрингизни қолдиринг