Янгиликлар 3499
Ҳуқуқий маслаҳатхона: Қонун бўйича “Топган – топалоқ” эмас!
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади. Агар бу ҳол топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин.
Эгасиз ашёнинг тақдири
Эгасиз кўчмас ашёлар тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади.
Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин бир йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин.
Эгасиз ашёларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.
Транспортда унутиб қолдирилса...
Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
Башарти, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.
Ашёни топиб олган шахс уни ўзида сақлаб туришга ёки сақлаш учун ички ишлар органи, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёхуд улар кўрсатган шахсга топширишга ҳақлидир.
6 ой эгаси топилмаса, у – сизники!
Агар йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан 6 ой мобайнида аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд ички ишлар органига, тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ушбу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.
Башарти, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.
Топиб олган шахс мукофотланади
Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг йигирма фоизига қадар миқдорида мукофот талаб қилишга ҳақлидир.
Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса — суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.
Башарти, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.
Қўй йўқолиб қолса...
Қаровсиз ёки адашган чорва молларини ёхуд бошқа қаровсиз уй ҳайвонлари ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни тутиб олган шахс уларни эгасига қайтариши шарт. Агар ҳайвонларнинг эгаси ёки унинг қаердалиги номаълум бўлса, тутиб олган пайтдан бошлаб 3 кундан кечиктирмай топилган ҳайвонлар тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига хабар қилиши шарт, улар ҳайвонларнинг эгасини қидириш чораларини кўрадилар.
Ҳайвонларнинг эгаси қидирилаётган вақтда уларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш учун тутиб олган шахсда қолдирилиши ёхуд зарур шароити бўлган бошқа шахсга сақлаш ва фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахснинг илтимосига кўра ҳайвонларни боқиши учун зарур шароити бўлган шахсни топиш ҳамда ҳайвонларни унга топширишни туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимлари, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи амалга оширади.
Қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахс ҳамда бу ҳайвонлар сақлаш ва фойдаланиш учун бериб турилган шахс уларни лозим даражада сақлашлари шарт ва ҳайвонлар нобуд бўлиши ёки шикастланиши учун айбдор бўлсалар, ҳайвонларнинг нархи доирасида жавобгар бўладилар.
Эгаси аниқланиши мумкин бўлмаган ёки қонунга биноан ҳуқуқларини йўқотган хазина, яъни ерга кўмилган ёки бошқача усулда яширилган пул ёхуд қимматбаҳо буюмлар хазина яшириб қўйилган мол-мулк (ер участкаси, иморат ва шу кабилар) мулкдори бўлган шахс ва хазинани топган шахс мулкига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади.
Хазинага эгалик қилиш ҳуқуқи
Хазина у яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс томонидан топилган тақдирда, бу хазина у топилган ер участкасининг ёки бошқа мол-мулкнинг эгасига топширилиши керак.
Моддий маданий мерос объектлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топилган тақдирда, улар давлат мулкига топширилиши керак. Бунда хазина яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулкнинг эгаси ва хазинани топган шахс биргаликда хазина қийматининг эллик фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадирлар. Агар улар ўртасидаги келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, мукофот бу шахслар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.
Бундай хазинани у яшириб қўйилган мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс топиб олса, бу шахсга мукофот тўланмайди ва хазина батамом мулкдорнинг ихтиёрига ўтади.
Хазина топиш учун қазишма ва қидирув ишларини олиб бориш меҳнат ёки хизмат вазифаларига кирадиган шахсларга нисбатан ушбу модданинг қоидалари қўлланилмайди.
Д.АЛИМОВА тайёрлади
Фикрингизни қолдиринг