Янгиликлар 1865
Хушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган босқич
Юртимизда пандемияга қарши курашиш тадбирлари қатъий давом эттирилаётганига қарамай, айрим фуқароларимизнинг бепарволиги, яъни карантин қоидаларига амал қилмаётгани боис, янги коронавирус касаллигига чалинганлар сони ошиб бораётгани, энг ёмони, аҳоли ўртасида ҳам ушбу ҳолат рўй бераётгани ташвишланарли ҳолат албатта.
Карантин қоидаларига амал қилмаслик, ҳушёрликни унутиши ёки масъулиятсизлиги кўплаб ноҳушликларга сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 113 минг 568 нафарга етди.
Шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли соғайиб чиқаётганлар хотиржамликка берилишимизга, бу касалликка енгил қараш учун асос бўлмаслиги керак. Маълумотларга эътибор қаратсак, 2021 йил 5 июль ҳолатига кўра, юртимизда 496 нафар кишида коронавирус, 172 нафар кишида пневмония аниқланиб, 3 нафар бемор вафот этган.
Бу карантин давридаги юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт. Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади. Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.
Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти. Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.
Яна бир муҳим гап. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ, эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида масъул ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, Республика махсус комиссияси томонидан очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъий назар, юртимизда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилди.
Шу боис бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган босқич бошланди.
Энг асосийси, давлатимиз томонидан айни кунда қўйилган талабларни бажаришда қонунларга итоаткорлик, шифокорлар тавсия этган санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, коронавирусга қарши эмланиш, зарурати бўлмаганда кўпчилик тўпланадиган манзилларга бормаслик, атрофимиздаги яқинларимиз, оиламиз билан биргаликда ҳаракат қилсак, ишонамизки, бу мураккаб синов ва оғир курашни барчамиз биргаликда енгамиз.
Бобур МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг