Ичимлик суви етиб бормаган мактаб ёки эътибордан четда қолган маҳалла

17.12.2021 14:12:42

Бувайда туманидаги “Янгиқишлоқ” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар томонидан Халқ депутатлари Бувайда туман кенгаши котибияти ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нодиржон Жумабоевга мурожаат келиб тушган. Аҳоли мурожаати юзасидан депутат ҳудудни ўрганганида муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.

“Янгиқишлоқ” МФЙ туман марказидан 5-10 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Янгиқишлоқ, Жумхурият, Султон, Сўфи Азизлар, 2-қўрғонча, Оқтом, Бешхирмон маҳаллалари бор. Ҳудудда жами 861 та хонадонда 5020 нафар аҳоли истиқомат қилиб келади.

Туман марказидан МФЙ ҳудудига олиб борувчи “Янгиқўрғон-Янгиқишлоқ” йўналишидаги автомобиллар қатнов йўлининг 4-5 километри асфальт қилинмаганлиги боис таьмирталаб бўлиб қолган. Ўтган вақт ичида давлат дастури асосида 4 та маҳаллада 100 метрдан жами 400 метр ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилган, лекин асосий туман маркази билан боғловчи йўлнинг 4-5 км. қисми эътиборга муҳтож.

Янгиқишлоқ қишлоғида тиббий хизмат кўрсатувчи тиббий пункт ва дорихона мавжуд эмас. Бу масалада Бувайда туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари билан боғланилганда 2021-2023  йиллар давлат дастурига киритилганлиги, муаммони ечиш учун ҳозирча МФЙ идораси жойлашган бинонинг 2 та хонаси жиҳозланиб, янги йилдан 1 нафардан шифокор ва ҳамшира иш бошлаши айтилди.

 Аслида “Янгиқишлоқ” МФЙ идорасининг ҳам тайинли жойи йўқ.  Идора ходимлари ҳозирда ҳашар йўли билан қурилган масжид ўрни бўлган бинода  фаолият юритмоқда. Бино кичик бўлганлиги сабабли агарда тиббиёт ходимлари келиб, 2 та хонани эгалласа,  бошқаларга жой етишмай қолади. Шу бинони ёнида бетон қуйилган майдон бўлиб, уни МФЙ ихтиёрига ўтказиб, озгина ёрдам берилса, қўшимча хона қурилиб, муаммо бартараф этилади. Бунинг учун 12 000 дона ғишт етказиб берувчи ҳомий ҳам бор.  Бундан ташқари ўша ҳудудда 7 сотихли бўш турган майдон бўлиб, ҳашар ва ҳомийлик йўли билан спорт майдончаси, қассобхона, сартарош ва нонвойхона фаолиятини йўлга қўйиш мумкин.

Ичимлик суви масаласида ҳам оғриқли нуқталар мавжуд.  Ичимлик суви башняси бор, ҳолати яхши, фақатгина тармоқлар эскирганлиги туфайли тез-тез қувурлар ёрилиб, муаммо келтириб чиқаради. Шунинг учун керакли мутахассислар ажратилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда таьмирлаш ишлари олиб борилса ва сувни чиқариш вақти бироз узайтирилса (ичимлик суви бир кунда 3 маҳал соатбай уланади, шу сабабли аҳоли эхтиёжини қондиролмайди) масала ҳал бўлади. Ичимлик сувидаги асосий муаммо ҳудуддаги 7-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб,  2018 йилда маҳаллий аҳоли хонадонларда сув босими етишмаяпти, деган баҳона билан асосий сув тармоғидан бутунлай узиб ташланган. Шу кунга қадар мактаб ҳудудида ичимлик суви чиқмайди, истеъмол ва ювиниш учун ҳам сув йўқ. Ваҳоланки, мактаб маъмурияти томонидан махсус қўл ювиш жойи ва хожатхонада сув тармоғи ҳамда сув заҳираси учун шароит яратилган.

Ҳудудда электр таъминоти ўрганилганда маҳалла ва мактаб ҳудудида жойлашган трансформаторларнинг иккаласи ҳам соз ҳолатда эканлиги аниқланди. 2-Кўрғонча маҳалласида  эса трансформатор мавжуд эмас. Янгиқишлоқ қишлоғида темирчилик соҳасида шуғулланувчи тадбиркорлар кўпайганлиги  сабабли трансформаторларга юклама ортган.  Шу боис тез-тез узилишлар ва  ноҳуш ҳолатлар кузатиляпти. Мутахассис кўриги ва қўшимча трансформатор зарур.  

Ўрганилган масалалар юзасидан депутат томонидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиб, ижроси назоратга олинди.

    

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши  матбуот хизмати 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+