Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот берсин, Бош прокуратура назоратга олсин!

25.06.2021 18:06:12

Инсон ҳаёти қил устида ...

йўл устида беъмани можаро!

 

Ижтимоий тармоқларда 15–17 июнь кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳар, Навбаҳор кўчасида Йўл патрул хизмати ходими чақирув бўйича манзилга келаётган тез ёрдам машинасини вақтинча ёпилган ҳудудга қўймаганлиги ҳақида хабар тарқалди. Унда таъкидланишича, ҳодиса ҳудудда “Ёшлар фестивали” ўтказилаётган вақтда содир бўлган.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг хабар беришича, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ходимлар айбдор деб топилган ва ишдан олинган. Лекин бу ўринда гап инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиш ҳақида кетмоқда. Бу шундай масалаки, унга вақтни ҳам, масофани ҳам ёки бирон бир баҳонани ҳам рўкач қилиб бўлмайди. Чунки инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳар нарсадан устун.

Чақирув бўйича келаётган тез ёрдам машинасини ўша ЙПХ ходимининг ҳаёти мутлақ хавф остида қолган онаси ёки отаси ёхуд норасида гўдаги кутаётган бўлганда-чи? Шунда ҳам ёрдамга шошилаётган ҳайдовчининг йўлини тўсиб қолишармиди? Нега ЙПХ ходими қўлида радиоалоқа воситаси бўла туриб, тегишли ташкилотлар билан боғланмаган, масалани белгиланган тартиб доирасида ҳал этишга уриниб ҳам кўрмаган?

Қолаверса, қонунчилигимизда тез ёрдам машиналари учун йўллар ҳамиша очиқ туриши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, катта оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда ва жойда тез ёрдам машиналари бўлиши шарт.

Ҳодиса туфайли икки нафар ДАН ходими вазифасидан четлаштирилди. Буйруққа онгли равишда ёндошмаслик, унга кўр-кўрона итоат қилиш туфайли икки нафар ходим ўз иш жойини йўқотди. Бу ўринда уларга буйруқ берганларнинг савияси, вазифавий лаёқати, инсоний ва ахлоқий жиҳатлари ҳам баҳоланиши шарт, деб ўйлаймиз. Буйруқни берган панада қолиб, уни бажарганлар жазоланиши бу масаланинг тамоман бир томонлама хулосаланиши демакдир.

Шунингдек, шу кунларда ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Шовот туманида содир бўлган воқеа юзасидан “ЙПХ ходими йўлнинг ўртасида ҳайдовчини тўхтатиб олган” сарлавҳа остида тарқалган видео қизғин муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Видеода ЙПХ ходими машиналар қатнови орасига киргани, ҳайдовчини ҳаракатдан тўхтатиб, текширув ўтказаётгани натижасида тирбандлик ҳосил бўлиб, тез ёрдам машинаси тирбандликда қолиб кетган, деган хулоса билан ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган.

Ижтимоий тармоқларга жойланган ушбу видеолавҳа атрофида бир қанча саволлар пайдо бўлди. Яъни:

ЙПХ ходими Тез ёрдам автомобилининг баланд овоздаги махсус товуши ва “мигалка”сига эътибор бериб, унинг йўлида давом этиши учун шароит яратиши, йўлини очиб, уни тирбанд автомобиллар қаторидан ажратиб, ўтказиб юбориши мумкинмиди? Ҳа, мумкин ва шарт эди!

ЙПХ ходими бузилиб қолган “Кобальт” автомобилини атрофдагиларни жалб қилган ҳолда қўл кучи билан йўл четига олиб чиқишга уриниши мумкинмиди? Ҳа, мумкин эди!

ЙПХ ходимининг бирламчи ва асосий вазифа ва мажбурияти аслида йўл ҳаракати ХАВФСИЗЛИГИНИ таъминлаш. Лекин, бу ўринда ЙПҲ ходими ўз вазифаси ва мажбуриятини бажариш ўрнига ҳайдовчи билан суҳбатлашиб тургани кўпчиликнинг ғашини келтирди.

Кўриниб турибдики, айрим ЙПХ ходимлари вазият ва ҳолатни тезкор баҳолай олиш ҳамда касбий ахлоқ меъёрларига риоя қилиш салоҳиятига эга эмас.

Шунингдек, фуқароларимиз куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган “ремен тақиш бўйича мастер класс” сарлавҳали видеолавҳада яна бир ЙПХ ходими йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб хавфсизлик камарини тақа олмасдан, шунингдек, светофорнинг таъқиқловчи чироғида ҳаракатланиб, ҳайдовчига кулгу бўлганига гувоҳ бўлди. Ваҳоланки, ЙПХ ходимлари бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак, чунки улар айнан шу масалаларда ҳайдовчиларни жавобгарликка тортиш бўйича “устаси фаранг”лардир.

Инсоннинг соғлиғи ва ҳаётини асраш йўлида курашаётган шошилинч, кечиктириб бўлмас хизматлар, жумладан тез-тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги хизматларининг ҳаракатини чеклаб бўлмайди.

Инсон соғлиғи ва ҳаёти ҳамма нарсадан устун. Тиббиётда ҳар бир сония муҳимдир. Шундай экан бу каби ҳолатларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида:

  1. Ички ишлар вазири мазкур масала бўйича ОАВда баёнот билан чиқиши ва унда барча ички ишлар ходимларини, айниқса, ЙПХ ходимларини тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги хизмати машиналарига йўлда тўсиқларсиз ҳаракатланишида устунлик ва шароитлар яратиб бериши лозимлиги бўйича огоҳлантиришини талаб қиламиз.
  2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан мазкур ҳолатларни ўз назоратига олишини ва ижрочиларни эмас, биринчи навбатда, буйруқ берган раҳбарлар масаласини тегишли тартибда кўриб чиқишини сўраймиз

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+