Янгиликлар 1001
ИФОАМ: Ўзбекистон мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга
(К.Шадиметовнинг Пойтахт радиоси (103.5 ФМ Ўзбекистон - Тошкент) мухбирига 01.12.2022 й. берган интервьюси асосида тайёрланди)
1.САВОЛ.Экологик тоза маҳсулот нима? Унинг ўзига хослиги нималарда намоён бўлади?
Аввало, айтиш керакки, экологик тоза маҳсулотнинг илмий синоними органик маҳсулот, деб аталади.
Органик маҳсулотлар дейилганда? органик сўзи «чекланган» маъносини англатиб, қўшимча минерал ўғитларсиз, заҳарли химикатларсиз ва бошқа техноген таъсирларсиз маҳсулот етиштириш ёки табиий тоза хомашёлардан олинган, замонавий технологиялар асосида етиштирилган маҳсулотлардир.
2.Юртимизда органик маҳсулотлар етиштириш борасида қандай салоҳиятга эга?
Бу борада мамлакатимиз ҳам катта салоҳиятга эга. Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати халқаро федерацияси (IFOAM)нинг жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон Республикаси мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга ва дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва юртимизда органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонлари кўплиги қайд этилган.
Эътиборлиси, бундай амалиёт қишлоқ хўжалигимиз учун янгилик эмас. Мамлакатимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланган. Бу услуб эса озуқавий қиймати юқори, ўзига хос таъмга эга органик (экологик тоза) мева ва сабзавотларни етиштириш имконини беради. Бу анъаналар ҳозир ҳам кенг қўлланилиб келинади. Масалан, республикамизда фаолият юритувчи “Sunny Fruit Production” хусусий корхонаси 2017–2019 йилларда жами 1 минг 848 тонна органик майиз етиштириб, анъанавий майизга нисбатан 14,7 фоиз қимматроқ нархда Россия Федерацияси, Франция, Германия, Голландия, Италия ва Грецияга экспорт қилган.
3.Экологик тоза маҳсулотлар борасида хориж тажрибаси қандай?
Маълумотларга кўра, дунёда 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этган. 71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн. ишлаб чиқарувчи мазкур фаолият билан шуғулланган. Экспертларнинг айтишича, дунё органик маҳсулотлари бозори 2016 йилдан бошлаб ҳар йили ўртача 15 фоиздан ўсяпти. 2022 йил якунида унинг савдо айланмаси 212 млрд долларни (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи) ташкил этиши башорат қилиняпти.
Бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш ва унга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Европа бозорларида экологик тоза маҳсулотлар ҳажми 1997 йилда 5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2000 йилда 9,5 миллиард доллар, 2005 йилда Европа ҳудудида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг 10 фоизидан ортиғини ташкил этган. Европа мамлакатларида экологик тоза маҳсулотларга йиллик талабнинг ўсиши Германияда 5–15 фоиз, Дания, Швеция ва Швейцария давлатларида 30–40 фоизга ортганлиги, ушбу мамлакатларда экологик тоза маҳсулотларга катта аҳамият берилаётганлигини кўрсатмоқда.
Органик тоза маҳсулот етиштириш масаласи билан жаҳоннинг кўплаб олимлари шуғулланишмоқда. Улар асосан экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришнинг экологик, агротехнологик ва иқтисодий муаммолари тўғрисида илмий изланишлар олиб бормоқдалар.
4. Жорий йил 22 апрелда «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу аграр соҳа, умуман, иқтисодиётимиз учун қандай аҳамиятга эга?
Жорий йилнинг 22 апрелида, Президентимиз «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонунга имзо чекди. Бу республикамиз аграр соҳаси, умуман, иқтисодиётимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган воқеликдир.
Қонун соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали мавжуд салоҳиятдан унумли, оқилона фойдаланиш имконини беради.
Қонун, энг аввало, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда соҳа фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини яратилишига имкон беради.
Иккинчидан, аграр ишлаб чиқаришда бозор муносабатларини ташкил этишнинг ишончли ва истиқболли шакли ҳисобланган органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизими янада ривожланишига йўл очади.
Учинчидан, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимида тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчигача бўлган тизимни такомиллаштириш имконини яратади.
Тўртинчидан, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва географиясини кенгайтириш билан бир қаторда фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли даромадини ошириш учун зарур шарт-шароитни вужудга келтиради.
Бешинчидан, юқори сифатли экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳажмининг ортиши ва натижада атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсирлар камайишига олиб келади.
5.Экологик тоза маҳсулот етиштиришда деҳқон ёки фермерларнинг вақти, маблағи кўп кетиши, маҳсулотларни харидорлар учун ошиб кетишига олиб келмайдими?
– Жуда ҳам тўғри. Органик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзига хослиги, анъанавий маҳсулотларга нисбатан харажатларнинг юқорилиги билан фарқланади. Бунда ишлаб чиқариш экологик тоза ҳаво, тупроқ, сув ва бошқа омилларга ҳам бевосита боғлиқдир.
Экологик тоза маҳсулот етиштириладиган ерларда аввало 3 йил давомида тозалаш тадбирлари ўтказилиши талаб этилади. Шундан сўнггина ер текширилиб, органик-экологик тоза маҳсулот етиштириш учун сертификат берилади. Маҳсулот етиштиришда турли кимёвий воситалар, минерал ўғитлардан фойдаланиш ва генетик модификацияланган экин навларини экиш қатъиян тақиқланади. Бунда асосий агротехник тадбирлар қўл меҳнати эвазига бажарилади. Шундай усулда етиштирилган маҳсулотлар органик ёки экологик тоза маҳсулот номини олади ва таркибида 95 фоизгача органик модда бўлади.
Шуни таъкидлаш лозимки, органик тоза маҳсулот етиштиришни ташкил этиш учун деҳқончилик тизимини бутунлай ўзгартириш шарт эмас. Фақатгина юқоридаги талаблар ва шартларга қатъий риоя этиш керак, холос.
Маҳсулотларнинг нархи ошиши ҳақида сўз юритадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам, чет давлатларда экологик тоза маҳсулотларнинг нархи оддий маҳсулотларга нисбатан 3-5 баробаргача қиммат туради. Лекин бугуни ва эрта сини ўйлаган ҳар қандай инсон ўз саломатлиги йўлида маблағ, куч-ғайратини аямагани маъқул.
Олимлар экологик тоза маҳсулот инсон соғлиғига зарар етказмаслиги, келажак авлод саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги ва юқори ижтимоий-иқтисодий самарага эга бўлишини асослаб беришган. Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, экологик тоза маҳсулотлар истеъмол қилинганда одамларнинг ўртача умр кўриш ёшининг ортиши, аҳоли орасида ҳар хил касалликлар тарқалиш даражаси ҳамда болалар ўлимининг камайиши ва бошқа муҳим ижобий кўрсаткичларга эришилган.
6.Органик деҳқончиликнинг атроф-муҳитга, экологияга таъсири ҳақида ҳам тўхталсангиз.
Органик қишлоқ хўжалигининг экотизимга ижобий таъсири.
Тупроқ. Тупроқ тикловчи тажрибалар (алмашлаб экиш, қатор орасига экиш, экинларни аралаштириб экиш, органик ўғитлаш ва тупроққа нолга тенг ишлов бериш) - органик қишлоқ хўжаликнинг тупроқдаги микроорганизмларни ривожлантириш, унумдорликни ошириш, тупроқ таркибини яхшилаш ва тизимнинг барқарорлигини таъминловчи асосий воситадир.
Биохилма-хиллик. Органик фермерлар барча даражалардаги: генлар; турлар даражаси; экотизим даражасидаги биохилма-хилликни ҳимоя қилувчилари ва хизматларидан фойдаланувчилар ҳисобланади. Органик қишлоқ хўжалиги юритишнинг бошқа турларига нисбатан юқори биохилма-хилликни сақлайди ва ишлаб чиқаради.
Ҳаво ва иқлимнинг ўзгариши. Органик қишлоқ хўжалиги механизациялаш ва агрохимиявий истеъмолини қисқартириш йўли билан қайта тикланмайдиган энергия манбаларидан фойдаланишни қисқартиради ва тупроқдаги углерод тўпланишига ёрдам беради.
Узоқ муддатли барқарорлик. Ўрта ва узоқ муддатли агротизимли қишлоқ хўжалигини киритилишидир. Тупроқ унумдорлиги ёки зараркунандалар билан курашиш муаммоларини бартараф қилиш учун экологик мувозанат ўрнатилган озиқ-овқат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Сув. Агрохимикатлардан фойдаланишни тақиқлаш натижасида сувлар ифлосланмайди. Тупроқ таркибини яхшилаш сувнинг табиий тозаланишига имкон туғдиради. Органик қишлоқ хўжалигини тикловчи тадбир сифатида жорий қилиш тавсия этилади.
Генетик модификацияланган организмлар. Органик тизимларда ГМО фойдаланишга органик озиқ-овқат ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ёки ишлов беришнинг барча босқичларида йўл қўйилмайди. Маҳсулотни органик ёрлиғи ишлаб чиқариш жараёнида ГМОдан фойдаланилмаганлигини кафолатлайди.
Экологик хизмат. Тупроқ ташкил қилишни, меъёрлашни ва тўйинтиришни, тупроқ барқарорлигини, чиқиндиларни қайта ишлашни, углерод тўпланишини, озуқа моддалари айланмасини, чангланишни ва атроф-муҳит муҳофазасини яхшилашдир.
Мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит мавжуд. Кимёвий моддалардан ҳоли экин майдонлари мавжудлиги, томорқа хўжаликларида етиштирилган органик маҳсулотларни экспорт қилиш орқали аҳоли даромадини ошириш, бу йўналишда агрокластер, логистика ва кооперация тизимларини ривожлантириш ёрдамида аҳоли бандлигини ошириш шулар жумласидан. Шунингдек, лабораториялар, назорат ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини таҳлил қилиш имконияти ҳам бор.
Яқинда кучга кирган қонун соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш орқали мавжуд салоҳиятдан унумли, оқилона фойдаланиш имконини беради.
Қонун, энг аввало, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда соҳа фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини яратилишига имкон беради.
Иккинчидан, аграр ишлаб чиқаришда бозор муносабатларини ташкил этишнинг ишончли ва истиқболли шакли ҳисобланган органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизими янада ривожланишига йўл очади.
Учинчидан, органик маҳсулотлар ва хом ашё ишлаб чиқариш тизимида тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчигача бўлган тизимни такомиллаштириш имконини яратади.
Тўртинчидан, ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва географиясини кенгайтириш билан бир қаторда фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли даромадини ошириш учун зарур шарт-шароитни вужудга келтиради.
Бешинчидан, юқори сифатли экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳажмининг ортиши ва натижада атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсирлар камайишига олиб келади.
Шу ўринда, «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги қонунни қўллашга оид бир мисол келтирамиз. Ўзбекистон «Адолат» СДП «Инновация ва муқобил энергетика тарғиботи маркази» билан “UZBIOGAZ” МЧЖ корхонаси ҳамкорлигида чиқиндини қайта ишлаш, ундан биогаз ва биоўғит олиш технологиясини қўллашда инновацион биогаз қурилмаси ва лойиҳалар яратилиб, кенг жорий қилина бошланган. Жумладан, шундай қурилмалар хонадонлар ва фермер хўжаликларига мўлжаллаган вариантлари тайёрланиб, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва бошқа вилоятларда ўрнатиб ишга тушириб берилди ёки қурилмоқда. Ушбу технологияларни қўллашга айрим қонуний талабларда аниқликлар мавжуд эмас эди. Мана энди исталган биогаз лойиҳаларини жорий этишда таянадиган қонуний ҳужжат мавжуд, фақат унга амал қилиб, ижро этиш талаб этилади.
Эндиликда мамлакатимизда органик қишлоқ хўжалигидан кенг фойдаланиб, биоэнергетика ривожлантирилса қуйидагиларга имкон беради:
1.Биогаз ва биоўғитдан фойдаланиб, янги иссиқхона (теплица) ларни кўпайтириш;
2. Атроф-муҳит ва ер-сувни ифлосланиш даражасини маълум даражада пасайтириш;
3. Органик биоўғитдан фойдаланиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари - сабзавот ва меваларнинг сифати, унумдорлиги ва ҳосилдорлиги яхшилаш мумкин.
4. Қишлоқ ерларининг агротехник ҳолатини яхшиланади.
Экологик-иқтисодий самарадорлиги.
а) шламдан фойдаланиш - фаол таркибини ташкил этадиган азот аммонийси ва ўғит ёки озуқадаги протеин (оқсил моддалар) миқдори ва нархига кўра, баъзи минерал ўғит ёки озуқа маҳсулотлари билан рақобатбардошлиги;
б) табиатни асраш самарадорлиги - тупроқ ва сувнинг кимёвий ва бактериялар билан зарарланишини камайишида;
в) ҳавони ифлосланишини камайиши - анъанавий ёқилғиларни биогазга алмаштирганда атмосферага чиқитларнинг камайиши;
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз шароитида экологик тоза маҳсулотлар етиштириш учун барча табиий шароитлар мавжуд. Бундай сифатли маҳсулотларимизнинг экспорт ҳажмини кескин ошириш заруратини инобатга олиб, бу борадаги қонун, қонуности ҳужжатлари, ҳуқуқий асослари, стандартлаш, маркировка масалаларини ҳал этиш мақсадга мувофиқ.
Ўйлаймизки, қишлоқ хўжалиги тараққиётига алоҳида эътибор қаратиб келаётган Ўзбекистон «Адолат» СДП биз, олимларга бу борада ҳамиша елкадош бўлиб қолаверади.
Хулоса қилиб айтганда, органик маҳсулотлар етиштиришнинг асосий принциплари, бу соҳани давлат томонидан тартибга солиш қоидалари, унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолияти кафолатлари ўз аксини топган мазкур қонун органик маҳсулотлар жаҳон бозорида мамлакатимизнинг муносиб ўринга эга бўлиши, халқимиз фаровонлиги юксалишига хизмат қилади.
Шадиметов Камолжон
и. ф.н.,Халқаро Экология инсон ва табиат
хавфсизлиги фанлари Академияси ҳақиқий аъзоси, академик,
Ўзбекистон «Адолат» СДП «Инновация ва муқобил
энергетика тарғиботи маркази» раҳбари,
Ўзбекистон «Адолат СДП Фахрийлар Кенгаши раиси,
«Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими»
Фикрингизни қолдиринг