ИҒВО КЕРАКМАС...

17.08.2021 20:08:07

 

 

 

 

Бошимда: озод юрт, обод Ватаним,

Она Ўзбекистон – ота маконим!

Юксакдир халқаро – қудратим, шаъним,

Тинчлик керак бизга, низо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Керакдир ватаннинг чаман баҳори,

Ҳар бир ватандошнинг ғурури, ори.

Керакдир йигитлар марди, шунқори,

Мардлар кўп бўлганда парво керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Керакдир тўғри сўз, комил инсонлар,

Юрт учун, эл учун кўкси қалқонлар,

Темурбек, Улуғбек каби арконлар.

Лек, асло хоиндан нидо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Дўст керак дилларга малҳам бўлгувчи,

Яхши-ёмон кунда маҳкам тургувчи.

Дўстликнинг йўлида жонин бергувчи.

Дўст керак, ёлғончи “даҳо” керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Ёр керак куну тун қалбларга ё Раб,

Ҳар он, ҳар лаҳзада туради қўллаб,

Керакдир табиат қуёши порлаб.

Ҳеч қачон офату бало керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Ва керак оила, соф жуфти ҳалол,

Зурриётлар керак тан-жони зилол,

Ва меҳр, муҳаббат, садоқат билол.

Мусибат, зиддият, даъво керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Ота-она керак, ва керак қондош,

Яна керак эрур қариндош, қардош,

Аҳли улус керак, синфдош-сафдош.

Ҳеч кимга қарғишли дуо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Ақл керак, билим, илм, заковат,

Акбар-Баҳодирлар қилган шижоат,

Ва яна керакдир ибо, орият.

Лек, Ғарб оғусига шайдо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Миллат-элат керак, керак дўсту ёр,

Қўни-қўшничилик жуда ҳам даркор,

Борди-келди керак, керак биродар.

Ҳеч қачон қабоҳат, жазо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Ким ўтмас, ким қолур дунёда омон,

Ўтганнинг ортидан тош отмоқ ёмон,

Йўқолсин, йўқолсин ҳар қандай ёлғон.

Бешафқат айрилиқ – видо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Одам келади-ю кетади бир кун,

Индаллоси шуки: бўлолмас устун.

Керак иззат-ҳурмат, обрў инчунун!

Разолат, залолат дунё керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

 

Ҳалоллик яхшидир, яхшидир иймон,

Адолат яхшидир, яхшидир виждон,

Яхшилик, эзгулик улуғдир чунон.

Вафо керак, бидъат, жафо керакмас,

Илло ҳасад, ғийбат, иғво керакмас!

Абдукамол РАХМОНОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+