Янгиликлар 1672
Икки авлод учрашуви: Ватанга муносиб фарзанд бўлинг!
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги 49-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Икки авлод учрашуви” ўтказилди. Тадбирда мазкур мактабнинг собиқ битирувчилари “Фарғона Азот” АЖ ишлаб чиқариш цехи бошлиғи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Анвархон Набиев, техника фанлари доктори, Фарғона политехника институти доценти Шукурулло Усмонов, мазкур мактаб ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби, Халқ таълими аълочиси Шукурулло Акбаров иштирок этиб, меҳнат фаолияти, ҳаёт йўли, муваффақиятларини битирувчилар билан ўртоқлашдилар. Уларни ўз мақсадлари сари одимлашга ундаб, мотивация бердилар.
Маълумки, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг ўқиб билим олиши, касб-ҳунарли бўлиши барчани бирдек ўйлантираётган долзарб мавзулардан биридир. Давлатимиз раҳбари ҳам 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилди ҳамда бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этишга бор куч ва эътиборини қаратмоқда. Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларга қатор имконият ва имтиёзлар бериляпти, мутасадди ташкилотлар зиммасига масъулият юкланяпти.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ортиқ бўлиб, бутун аҳолининг қарийб 55 фоизи деганидир. Жумладан, Фарғона вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 703 минг нафар ёшларнинг 81 минг нафари ишсиз эканлиги, 35 минг нафари хорижга чиқиб кетганлиги ҳам давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 январида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кескин танқид қилинганди.
Тадбир иштирокчилари мазкур танқид остига олинган кўрсаткичлар қаторида бўлмаслик кераклиги, билимли ёшлар сафини кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар. Билим олиш, олий ўқув юртига кириш, касб- ҳунарли бўлиш учун доимо изланиш зарурлиги, сабот билан олинган билим умр бўйи асқотиши, жамоада ва жамиятда ҳурматга сазовор бўлиш учун меҳнатсеварлик каби тарбиявий фазилатларнинг аҳамияти ҳусусида ҳам ўз ҳаётий тажрибалари мисолида тавсиялар беришди. Чиндан ҳам бугун ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спорт билан шуғулланиши, тил ўрганиши учун йилдан йилга янги имкониятлар туғилмоқда.
Лекин шу билан бирга айрим ўқувчилар айни таълим оладиган, олий ўқув юртига кириш учун тайёрланадиган пайтда ижтимоий тармоқларда вақтини беҳуда ўтказаётганлиги ҳам танқид остига олинди. Бу ўринда вақтни зое кетказиш, мавжуд имкониятларни қадрламаслик энг катта хато эканлиги ёшларга тушунтирилди.
Тадбир давомида юртбошимизнинг жорий йил 24 май куни илк маротаба умумтаълим мактаби битирувчиларига йўлланган Табрикномасининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Жорий йилда республикамиз бўйича 438 минг нафар битирувчи ёшлар янги ҳаётга қадам қўймоқда. Уларнинг ҳар бири Ватан учун керакли шахс бўлиб етишишларига давлатимиз раҳбари ишонч билдирмоқда, – дейди туманнинг 49-умумтаълим мактаби директори, партия фаоли Сирожиддин Ортиқов. – Мактабимизда ҳам 113 нафар ўқувчилар ўрта таълимни тамомладилар. Уларнинг ҳар бири келгусида турли олий ўқув юртларига киришни ният қилиб, юрт хизматига бел боғлаганлар.
Бу ўринда иштирокчилар томонидан ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилгани ва республикамиз бўйича 201 та ахборот кутубхона марказидаги китоблар сони қарийб 25 миллионга етказилгани, ўтган йили мактаб кутубхоналари 150 мингдан зиёд янги адабиётлар билан таъминлангани қайд этилди. Мазкур эзгу ишга ҳисса қўшиш мақсадида тадбир иштирокчилари ўз совғалари, бадиий адабиётлар, партиянинг эсдалик совғаларини битирувчиларга туҳфа қилдилар.
Адҳамжон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг