Иллатни илдизи билан қуритиш керак

14.02.2022 14:02:31

Қашқадарё вилояти Муборак тумани ИИБ бошлиғи фуқарога ер олиб бериш учун пора олган вақтда қўлга олинган эди.

Қайд этилишича Миришкор тумани ҳокими ўринбосари фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда бериб, бунинг эвазига 80 минг доллар талаб қилган.

Порахўрлик, тамагирлик давлат ва жамият ривожига тўсиқ бўлувчи энг ёмон иллатлардан биридир. Раҳбар ходимларнинг  бу ишга қўл уришини эса асло кечириб бўлмайди. Раҳбар қўл остидаги ходимларга фақатгина иш бошқарувчигина эмас, шу билан бирга ибрат тимсоли ҳам бўлиши зарур. Раҳбар тамагир, порахўр бўлса, қўл остидаги ходимларга ими-жимида шундай ўрнак кўрсатса, ўзи халққа кўмак берувчи вакил бўла туриб халқни таласа, хизмат вазифасини суиистеъмол қилса. Бундай  жиноятчиларга қонун талаблари асосида, керак бўлса янада қаттиқроқ талаблар доирасида жазо қўлланилиши лозим. Токи порахўр раҳбарлар “мактаби”да савод чиқарганлар ўзлари учун тегишли хулосаларни олишсин. “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, порахўрники эса қамоқхонагача эканлигини билиб қўйишсин. Шу нуқтаий назардан “Адолат” СДП фаоллари порахўр амалдорларга нисбатан кескин, қатъий жазо чоралари қўлланилиши тарафдоримиз. Давлат органлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик, шаффофлик тамойилларни кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан жойларда олиб борилаётган чора-тадбирлар назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш жамиятимиз ривожини орқага тортаётган муаммоларга нисбатан муносиб ечим бўлиб хизмат қилади.

Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлашнинг ҳуқуқий мезонларини ишлаб чиқишни устувор мақсадимиз деб билган холда, жамиятимизда порахўрлик, коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши керак деб ҳисоблаймиз.

Пировард мақсадимиз инсон қадр-қимматини юксакларга кўтариш экан, бундай шарафли йўлда жамиятимизда порахўрлик сингари чиркин иллатларни батамом так-томири билан суғуриб ташлашимиз лозим. Бу борада адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қурилишининг барча жабҳаларида қонунчилик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+