Янгиликлар 2091
Илм-фан башариятнинг бугуни ва келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади
Ўзбекистон илм-фанни ривожлантириш орқали мустаҳкам ва барқарор тараққиётга эришиш йўлини танлади. Чунки илм-фанга етарли эътибор берилмаган, илмий изланишлар, инновациялар қўллаб-қувватланмаган мамлакат кўплаб соҳаларда орқада қолади. Зеро илм-фан — башариятнинг бугуни ва келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади.
Шу боиздан мамлакатимиз тарихининг янги даврида таълимга эътибор давлат сиёсатининг бош стратегияларидан бирига айланди. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб илм-фан ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашга, илм аҳлини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон юртимизда таълим сифати ва қамровини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур фармон иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Фармонда 2021 йилдан бошлаб, илмий ташкилотлар раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш, ҳар бир илмий ташкилотда унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилганлиги шунингдек, ҳар бир фан йўналишлари бўйича фан жамиятлари ташкил қилинаётганлиги илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда илмий мактаблар, фан намоёндалари ва етакчи олимларнинг соҳадаги масъулиятини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2025 йилга қадар илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш, шу билан бирга 2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш кўзда тутилаётгани қувонарли ҳолат. Шу ўринда биргина мен раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетидан мисол қилиб келтирадиган бўлсам, жорий йилнинг биринчи ярим йилигида 16 нафари педагогика фанлари бўйича фалсафа докторлик (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди. Уларнинг ўртача ёши 35-40 ёш бўлиб, бу олий таълим муассаларини ичида энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Фармоннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикасида қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади. Бу муҳим ташаббус ҳисобланиб, яқин келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Энг муҳими, илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб “Академик ҳаракатчанлик” дастури жорий қилиниб, мазкур дастур доирасида илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш, уларнинг хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкаларини ташкил этиш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади. Шу билан бирга, бундай ёшларга илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмалардаги замонавий илмий асбоб-ускуналардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб илмий даражали кадрларни тайёрлаш институтларининг самарадорлиги мониторингини олиб бориш, тегишли ҳисоботлар ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш, стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантурада ўқиш учун қабул квоталари бўйича буюртманома шакллантириш каби ишлар амалга ошириш мақсадида Илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фармонга мувофиқ, илм-фан тараққиётини таъминлаш давлат ва хусусий секторнинг асосий вазифаларидан бири ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида кўрилмоқда. Мақсадга эришиш учун эса илм-фан соҳасида бошқарув тизимини ҳамда илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш ва диверсификациялаш, шунингдек, юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш ва ютуқларини рағбатлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини ва ахборот муҳитини яратиш каби устувор вазифалар белгиланган.
Маҳмуджон БОЛТАБАЕВ,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,
Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор
Фикрингизни қолдиринг