Илм-фан ривожи сари муҳим қадам

06.11.2020 18:11:58

Мамлакатни илм-фан, инновацияларсиз ривожлантириб бӯлмайди. Давлатимиз раҳбарининг “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳам ана шу мақсадда қабул қилинди.

Мазкур фармон иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Концепция ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари, илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш, илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, 2025 йилга қадар илмий-тадқиқот ва ишланмалар соҳасидаги технологик инновацияларга харажатларнинг умумий ҳажмида ташкилотнинг ўз кучи билан бажарилган технологик инновацияларга харажатларнинг улушини 3,5 бараварга, 2030 йилгача эса 9 бараварга ошириш каби мақсад-вазифаларни амалга оширишни назарда тутади.

Фармон билан Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, 2021 йилда халқаро мустақил эксперт компанияларини жалб этган ҳолда барча давлат илмий ташкилотларининг илмий-инновацион фаолияти аудитдан ўтказилади. Шунингдек, 2021 йил 1 январдан “Академик ҳаракатчанлик” дастури жорий қилинади.

Дастур доирасида, жумладан, илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади.

2021 йил 1 январдан Илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинади.

Бир сўз билан айтганда, Фармон Ўзбекистонда илм-фан орқали дунё мамлакатлари ўртасида ӯз мавқеини мустаҳкамлаш сари яна бир муҳим қадам ташлади.

Дониёр ЮСУПОВ,

 Халқ депутатлари Қибрай туман

Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+