Илм фанни ривожлантириш – тараққиёт гарови

02.11.2020 14:11:18

Илм – инсоннинг ягона нажот йўли. Албатта, бир қарашда бу  баландпарвоз гапга ўхшайди. Лекин, эътибор билан қарайдиган бўлсак барча муаммоларнинг ечими албатта илм соҳибларига боғлиқ. Энг оддий жабҳалардан тортиб оламшумул ишларнинг ортида ҳам олим ва илм аҳилларининг буюк хизматлари ётади. 

Илм-фан мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг асосидир. Айниқса, барча соҳада янгиликларга интилиш ҳамда рақобат кучайиб бораётган бугунги давр иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаб бориш учун илғор илмий ишланмалар ва техникавий ютуқлардан самарали фойдаланишни талаб этмоқда.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда янги тарихий давр бошланди. Бу эса жамиятимизнинг барча жабҳасида, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий-гуманитар йўналишлари ва албатта, илм-фанда жадал ривожланишни талаб этяпти. Чунки илм-фан ҳамда ҳаёт ўртасида шундай узвий боғлиқлик мавжудки, агар у турмушимизга қанча кўп хизмат қилса, ҳаётимиз ҳам илм-фанни бундан-да кўпроқ бойитади. Президентимиз томонидан билдирилган устувор вазифалардан шуни чуқур ҳис этиш, англаш мумкинки, илм-фан ва у билан мунтазам шуғулланаётганлар давлатимизнинг доимо эътиборидадир.

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди. 2020 йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими жорий этилмоқда. Мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифати оширилмоқда. Қизлар учун алоҳида грантлар ҳам ажратилди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ҳам оптималлаштирилди. Олий таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиб, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилди. Педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.

Қолаверса, Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш ҳамда соҳа ходимлари фаолиятини рағбатлантириш масалаларига юқори даражада эътибор қаратиб келинмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Президент лавозимига киришганидан сўнг илк учрашувларидан бири айнан Ўзбекистон илм-фанининг намояндалари билан бўлган эди (2016 йил 30 декабрь). Давлат раҳбари бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганини, зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин эканини таъкидлаб ўтди. Илм-фанни ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Айнан мана шу ғоя республикамизда таълим тизими ва илм-фанни такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг негизини ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 29 октябрь куни “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Фармон билан илм-фанни
2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди.

Мазкур фармон фан-таълим тизимини инновацион ривожлантириш орқали баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан бири ҳисобланади. Шу билан биргаликда, Фармон билан тасдиқланган концепцияга мувофиқ, илм-фан тараққиётини таъминлаш давлат ва хусусий секторнинг асосий вазифаларидан бири ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари сифатида белгиланди. Мақсадга эришиш учун эса илм-фан соҳасида бошқарув тизимини ҳамда илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш ва ютуқларини рағбатлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятнини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини ва ахборот муҳитини яратиш каби устувор вазифалар белгиланган. Қолаверса, илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари келтириб ўтилган.

Илм-фан – ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир. Ўзбекистон замини жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиёти йўналишини маълум даражада белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган.

Кўриниб турганидай, мамлакатимизда янги даврнинг пойдевори бўлмиш жуда кенг миқёсдаги янгича сифат ва қудратга эга замонавий инновацион тизимларни яратиш жараёнлари давом этмоқда. Давлат раҳбаримиз назарда тутган Учинчи ренессанс - мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг, иқтисодиёт ва жамиятнинг, халққа хизмат қилиш ва кишиларни рози қилишдай эзгу ният билан амалга оширилаётган барча ютуқлар – кишилариимз ва ёшларимиз ақлу заковатининг, иқтидор ва истеъдод қувватининг ёрқин тантанаси бўлади.

Нурзода КАРИМОВА,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+