Илм олмоқ фарздир

11.11.2020 13:11:59

Юртимиз – илм-фаннинг ўчоғи, алломалар Ватанидир. Илму маърифатга бўлган иштиёқ азалдан халқимизнинг қонига сингиб кетган. Буюк бобокалонларимиз ўзларининг юксак ақл салоҳиятлари билан дунё тамаддунига  салмоқли ҳисса қўшганлар.

Дунёда илмнинг чегараси йўқ. У инсонларни юқори даражаларга кўтариши, илмли олим кишиларнинг шаъни, нуфузи жамият олдида юксак бўлиши, инсон маърифат туфайли икки дунё саодатига эришиши Қуръоннинг ояти карималарида ҳам келган.

Ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти у ерда илму фаннинг нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқдир. Илмга ва уни ўрганишга қаратилган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради.

Кейинги йилларда юртимизда илм-фан ва таълим соҳаси изчил раҳбатлантирилиб келинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 29 октябрида имзоланган “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш,  замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фармон билан тасдиқланган концепцияга мувофиқ, илм-фан тараққиётини таъминлаш давлат ва хусусий секторнинг асосий вазифаларидан бири ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда. Мақсадга эришиш учун эса илм-фан соҳасида бошқарув тизимини ҳамда илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш ва диверсификациялаш, шунингдек, юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш ва ютуқларини рағбатлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини ва ахборот муҳитини яратиш каби устувор вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари келтириб ўтилган.

Инсонлар туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиши, билим эгаллашнинг айни палласи эса ёшлик бўлиб, бу борада  “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш мисолидир” деган халқимиз. Фармон асосида 2021 йил 1 январдан “Академик ҳаракатчанлик” дастури жорий қилинади.

Дастур доирасида, жумладан, илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилади.

Шу ўринда бир фикрни айтишни лозим топдим. Ҳозирги кунда одамларда, айниқса, ёшларда устозларнинг ортидан қувиб, илм излаш сустлашиб, замонавий телефонларга муккасидан кетиш жадаллашиб кетган. Китоб-журналларни варақлаб, устозларга мурожаат этиш камайиши натижасида чадасаводлик юзага келмоқда. Чаласаводликнинг оқибати яхши эмаслиги ҳаммамизга маълум.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида ривожланишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фан иқтисодиётнинг барча тармоғи тараққиётида муҳим ўрин тутади. 

Ҳеч шубҳасиз, Президентимизнинг Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган мазкур Фармон Ўзбекистонда илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқади.

 

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+