Илм – саодат калити, илмсизлик – жаҳолат

17.08.2021 10:08:54

 

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси талабаси математика фани бўйича халқаро олимпиада ғолиби бўлганлиги ва ташаккурнома билан тақдирланганлиги ҳақида ўқиб, тўғриси, бироз ҳайрон қолдим.  Халқаро математика олимпиадасида ғолиб бўлишнинг замирида қанча меҳнат ва машаққат бор, илмли бўлиш игна билан қудуқ қазишдек гапку. Спортчиларни қандай улуғласак, ҳеч бўлмаганда халқаро фан олимпиадалари ғолибларини ҳам шундай улуғланиши мамлакатимизда илмга чанқоқ ёшларга қанчалик илҳом бағишларди, деб ўйлайман. 

Дарҳақиқат, инсон хоҳ диний, хоҳ дунёвий илмга эга бўлмас экан, умри давомида учрайдиган ҳар қанақа тўсиқларни енгиб ўтишда ўзини ожиз ҳис қилади. Илмли инсоннинг сўзи равон, аниқ ва тушунарли бўлади, илмсиз одамда ишончсизлик кучли , нутқида мавҳумлик кўпроқ бўлади. Жоҳил кимса аниқ бир манфаатни кўзлаб илм йўлида юрса-да, манфаатга эришганидан сўнг шу илмга содиқликни йўқотади, илмнинг соф фазилатларини сохталаштириб, янги фойда сари одимлайди. Бундай инсонлардан барча йироқда юришни лозим деб билади. 

Бу юртда буюк алломалар, олиму-фузалолар, буюк мутафаккирлар  яшаб ижод қилишган.  Мен бу зотлар ҳақида қанча таъриф берсам ҳам камлик қилади.  Биргина Ал-Хоразмийни оладиган бўлсак, унинг ғоялари математика ва астрономиянинг оёққа туриши, ривожланишига сабаб бўлди. Ҳозирги даврда унинг хизматлари жаҳон афкор оммаси томонидан эътироф этилган.
Хоразмий асарлари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланади. Турли Ғарб ва Шарқ тилларига таржима этилган. У ўз асарлари, ихтиролари билан нафақат ўз ватанини, балки араб халифалигининг илмий ютуғи, ўз даври маданиятининг юксак натижаларини бутун дунё ва барча асрларга машҳур этди. Ҳозирда унинг номига турли мамлакатларда (Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва бошқалар) мукофот ва медаллар таъсис этилган, кўча, муассасаларга номлари қўйилган.

Қорақалпоғистонлик талабамиз ҳам қачондир келиб, Ал-Хоразмий бобосидек юртимиз номини тарихда қолдириб, ёш авлодларга ўз билимларини етказишида умид қилиб қоламан.

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

                                                                  “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

                                                                  Марказий аппарати бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+