Имкониятлар кўлами кенг

01.11.2022 20:11:20

Муҳтарам Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Мен бир партия фаоли сифатида йиғилишни кузатдим. Давлатимиз раҳбари эътиборидан ҳеч бир соҳа қолмади. Халқимиз фаровонлигини ошириш учун зарур маблағ ажратилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Соҳалар кесимида оладиган бўлсак, энг аввало, давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятида бешта йўналишда - тадбиркорлик, саноат, аграр, ичимлик суви таъминоти, ижтимоий соҳада эришилиши лозим бўлган мақсад ва вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан:

- воҳамизда ишбилармонлик, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш орқали 2023 - йилда 207 минг нафар иш ўрни яратилиши белгиланган. Масалан, биргина саноат тармоқларида 960 та лойиҳани амалга ошириб, 20 минг нафар аҳолини муқим иш билан таъминлаш мумкин. Шунингдек, 22 та норуда конни ўзлаштириб вилоятда талаб юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкони бор. Бундан ташқари Президентимиз кўрсатмаларига асосан пахтани чуқур қайта ишлаш даражасини 32 фоиздан 56 фоизга чиқариш ҳисобига кластерлар томонидан 2 триллион сўмлик 12 та лойиҳани якунлаш назарда тутилмоқда.

Қашқадарё ер ости ва ер усти бойликлари жиҳатидан республикада етакчи ўринни эгаллайди. Шу туфайли ҳам Президентимиз алоҳида урғу бериб ўтганларидек, кимё, нефть-газ, энергетика тизимидаги йирик корхоналар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиб, 65 та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш зарур.

Қишлоқ хўжалигида 10 минг гектардан ортиқ пахта ва ғалла майдонини қисқартириш ҳисобига 32 минг оила бандлигини таъминлаш имконияти бор. Воҳамизда марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти келгуси йилда 60 фоизга етказилади.

Президентимиз бошқариб борган видеоселектор йиғилишида Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов ҳудудни ривожлантириш ишлари ҳолати ва истиқболдаги мақсадлар юзасидан ҳисобот берди.

Шаҳрисабзнинг Мираки, Сувтушар ва Сарчашма, Китобнинг Қайнар ва Башир, Қамашидаги Бештерак ва Миришкордаги Жейнов қишлоқларида туризмни ривожлантириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Муборак, Нишон, Ғузор ва Миришкор туманларида сотилмасдан турган 82 та давлат мулки нархини 50 фоизга камайтириб, савдога чиқариш чоралари кўриляпти. Шаҳрисабз шаҳридаги бўш турган мулклар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, «Рубикон Вотер» технологияси асосида Қашқадарёда суғориш тизимини яхшилаш лойиҳасини кенгайтириш масаласини ишлаб чиқиш устида ишлар бошлаб юборилди.

2023 йил 1 июлга қадар Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу йўлининг 100 километр қисмини таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиб, йил якунига қадар Самарқанддан Шаҳрисабзга ўтувчи 30 километр йўлни таъмирлаш чоралари кўриляпти.

Юқорида қайд этганимдек, Президентимиз эътиборидан ижтимоий соҳа ҳам четда қолмади. Вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида 13 та боғчани қайта қуриш ҳамда 14 та маҳаллада янги боғча қуриш лойиҳасини 2023 йил инвестиция дастурига киритиш зарурлиги таъкидланди. Биргина жорий йил якунига қадар 189 та оилавий боғча ташкил этишга 4,5 миллиард сўм, 2023 йилда 380 та боғча ташкил этишга 52 миллиард сўм субсидия ажратиш белгиланди.

Маълумки, хотин-қизлар соғлом бўлса миллат келажаги бардавом бўлади. Йиғилишда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бир ой муддатда «Она ва бола тиббиёт маркази»ни жиҳозлаш бўйича лойиҳани тайёрлаш лозимлиги уқтирилди. Келажакда вилоятимиз маркази Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Косон, Нишон ва Чироқчида қўшимча 550 ўринли туғруқ комплекслари бунёд этилади. Китоб ва Қарши туманларида эса «Янги Ўзбекистон» массивлари ташкил этилади.

Президентимиз томонидан таълим тизимини замон талаби асосида ташкил этиш борасида ҳам аниқ топшириқлар берилди. Бир ой муддатда 48 та мактабни танлаб олиб, келгуси ўқув йилидан Финляндия таълим тизимини жорий этиш вазифалари белгиланди.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан Қашқадарё вилоятини янада ривожлантириш юзасидан илгари сурилган барча масалалар долзарб. Барча вазифалар эл-юрт тараққиётини таъминлашга қаратилган.

Руиддин Раупов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+