Янгиликлар 1080
Имкониятлардан самарали фойдалансак, марра бизники
Мен куни кеча оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда вилоятимиз раҳбари Муротжон Азимовнинг воҳамиз аҳлига йўллаган мурожаатини ўқиб чиқдим. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир йилдан йилнинг фарқи бор. Қашқадарё вилояти улкан имкониятларга эга воҳа ҳисобланади. Унинг ер ости ва ер усти бойликлари ҳақида, бутун мамлакатимизни бу табиий заҳиралардан олинадиган маҳсулотлар билан таъминлашдаги ўрни ҳақида, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, пахта, ғалла етиштириш бўйича етакчи ўринда туриши, вилоятимизнинг бетакрор табиати тўғрисида кўп сўз юритишимиз мумкин.
Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунда республикамиз бўйича қазиб олинаётган табиий газнинг 88 фоизи, нефтнинг 92 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келади. Талимаржон ГРЭСи, Муборак Газни қайта ишлаш заводи, Кўкдумалоқ нефт кони, Шўртангаз кимё мажмуаси ва бошқа иншоатлар мамлакатимизнинг асосий ёнилғи энергетика базасини ташкил этади. Йилига 500 минг тонна калийли ўғит ва 500 минг тонна ош тузи ишлаб чиқариш қувватига эга Деҳқонобод калий заводи ҳам вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда салмоқли омил ҳисобланади.
Биз партия фаоллари одамларни олдида турган қийинчиликларни енгиш йўлида белни маҳкам боғлаб меҳнат қилишга давъат этаяпмиз. Ҳалқимизнинг руҳини кўтариш, уларни бошқариш, тўғри йўл кўрсатиш, бир кунлик ўткинчи ташвишлар билан эмас балки эртанги кунимизни, келажакни, фарзандларимизнинг камолини, истиқболини ўйлаб янги марраларга интилиб яшашга руҳлантираяпмиз.
Ўтаётган йил ҳақида гапирадиган бўлсам, Қарши шаҳрида Президент мактаби барпо этилиб, иш бошлади. Давлат хизматлари маркази IT-технопарк ҳам ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари Шахрисабз туманида йилига 1000 тонна хом ашёни қайта ишлаб, 350 тонна сифатли ипак тола ишлаб чиқаралиган корхона ишга туширилди. Косон туманида нефт-газ соҳаси учун ускуналар ишлаб чиқариш бошланди. Қарши шаҳрининг “Шайхали” маҳалласи ҳудудида йилига 150 тонна буғдойни қайта ишлаб ун оладиган замонавий завод ишга туширилди. Ғузор туманида Ўзбекистон-Канада қўшма корхонаси томонидан сояни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Биргина шу корхонада 3000 нафар киши муқим иш жойларига эга бўлди.
Юқорида айтганимдек, вилоятимиз улкан имкониятларга эга воҳадир. Муборак газни қайта ишлаш заводида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни янада кўпайтириб, экспортбоп маҳсулотлар хажмини ошириш юзасидан йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилди. Бу билан Муборак газни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қуввати йилига 62 минг тонна суюлтирилган газ ва 22 минг тонна газ конденсатига ошди. Корхонада 100 та янги иш ўрин яратилди. Шунингдек, Яккабоғ туманида “Дармон-фарм” хусусий корхонаси томонидан болалар бўтқаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Умумий қиймати 1 миллион 250 минг еврони ташкил этган замонавий корхона Италия ва Украина технологиялари асосида жиҳозланди. Корхонада соатига 5 тонна мева ва сабзавотни қайта ишлаб, болалар учун табиий бўтқа тайёрлаш имконияти яратилди. Қамаши туманида Хитой технологияси асосида “Навбаҳор” пайпоқ ишлаб чиқарадиган корхона ишга туширилган бўлса, Косон туманида эса дуккакли маҳсулотларни қадоқлайдиган ва йилига 17 минг тонна дуккакли маҳсулотларни саралаш, кунгабоқар донаси ва ерёнғоқни қайта ишлаш ҳамда экспортбоп шаклда қадоқлаш имкони яратилди. Вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар хусусида сўз юритар эканман, Шўртангазкимё мажмуасининг тозаланган метан газни негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Uzbekistan JTL” заводи хақида ҳам айтиш керак.
Вилоятимиз ҳокими маърузасини тинглаб, ўтаётган йилни кузатар эканман, вилоятимиз халқининг амалга оширган ишларини сарҳисоб қилиб, кўрадиган бўлсак, ижобий натижалардан кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Авваламбор, олдимизда турган эзгу мақсад ва режаларга эришиш йўлида қилинаётган улкан бунёдкорлик ишлари, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиб, аҳолининг турмуш даражаси тез суръатларда юксалиб бораётганлиги таҳсинга сазавордир. Воҳамиз чирой очиб, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида нуфузи ошиб бораётганини кўриб, шундай диёрда яшаётганимиздан бахтиёр эканлигимизни чуқур ҳис қиламиз. Албатта, бу ютуқларнинг замирида мард ва танти халқимизнинг машаққатли меҳнати, мардлиги ва матонати, бир ёқадан бош чиқариб, ягона оила бўлиб, тинчлик ва осойишталик учун қилаётган чексиз саъй-ҳаракатларимиз ётганлигини унутмаслик керак.
Дунёда ҳамон пандемия давом этаётган, молиявий инқироз кўпчилик мамлакатларда ўсиш ўрнига пасайиш ҳолатларини келтириб чиқараётган бир пайтда мамлакатимиз, унинг ажралмас қисми бўлган вилоятимизда иқтисодий барқарорлик тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун йўналтирилган давлат харажатлари бир неча баробар кўпайгани халқимизнинг турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланаётганлигидан далолатдир. Бунинг натижасида биргина бизнинг вилоятимизда эркакларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 етганини мамнуният билан таъкидласак хато бўлмайди.
2021 йилнинг ўтган ойлари давомида вилоятимизда саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари, чакана товар айланмаси, бозор хизматлари хажми анча ўсди. Шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий иншоатлар, кўркам турар жойлар, равон йўллар, юртимиз кўркига улуғворлик бағишлаётган осмонўпар иморатлар вилоятимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалбини фахр ифтихор туйғуларига тўлдирмоқда.
Мен фурсатдан фойдаланиб, кириб келаётган 2022 йилда қалбим тўрида бўлган энг эзгу ният ва тилакларимни бутун республикамиз аҳлига изҳор қилиб қоламан. Янги йил ҳар бир инсон, ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахту-саодат, фаровонлик, тинчлик, омад олиб келсин. Юртимиз осмони узра тинчлик қуёши порлайверсин, халқимиз омон, истиқлолимиз эса абадий бўлсин, азизлар.
Руйиддин Раупов,
“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг