Имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига топширилди

17.08.2024 17:08:32

Хабарингиз бор, 31 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг ваколатли вакили рўйхатга олиниб, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилган эди.

1 августдан бошлаб сайлов компаниясининг энг муҳим босқичларидан бири бўлган имзо йиғиш тадбирларига партия томонидан жиддий эътибор қаратилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида партия Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари вакиллари фаоллигида ушбу жараён юқори уюшқоқликда амалга оширилди.

15 августга қадар давом этган имзо йиғиш тадбирларида имзо йиғиш пунктларини мавжуд талаблардан келиб чиқиб тўлиқ жиҳозлаш, партиянинг ўтган давр мобайнида амалга оширган ишлари, ташаббуслари, дастурий мақсадлари юзасидан сайловчиларнинг хабардорлигини оширишга қаратилган кўргазмали ва мультимедиа воситалардан самарали фойдаланиш, бу жараёнга тажрибали партия фаолларини жалб этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, бугунги кунда «Адолат» СДПнинг аъзолари сони бир миллион бир юз минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда. Шу боисдан белгиланган режа-график асосида аҳоли гавжум манзилларда, жумладан, савдо объектлари, бекатлар, фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида юқори савияда ўтказилган имзо йиғиш тадбирларида белгиланган 40 минг фуқаронинг қўллаб-қувватловига эришиш ҳар жиҳатдан самарали кечди ва керакли имзолар йиғилди.

Бу, албатта, партиянинг ўтган 5 йилликдаги самарали фаолиятига сайловчилар берган муносиб баҳо бўлиши билан биргаликда бўлажак сайловдаги иштироки учун билдирилган ишончни намоён этади.

Ҳудудлардан йиғилган имзо варақалари амалдаги сайлов қонунчилиги тартиб-таомилларига кўра партия Марказий аппаратида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан сараланиб, таҳлил қилинди ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиладиган барча ҳужжатлар тайёрланди.

Бугун, 17 август куни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ҳамда партиянинг ваколатли вакили томонидан «E-saylov» ахборот тизими орқали сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотнома Марказий сайлов комиссиясига юборилди.

Шу куннинг ўзида Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг сайловдаги ваколатли вакили Абдукамол Раҳмонов бошчилигидаги партия Марказий аппарати ходимлари имзо варақаларини тақдим этишди.

Имзо варақаларини топшириш тадбирида Марказий сайлов комиссияси масъуллари, ОАВлар вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Сайлов кодексининг 69-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Эндиликда, «Адолат» СДП учун қўйилган ҳар бир имзо улкан масъулият эканлигини теран ҳис қилган партия вакиллари билдирилган ишончни оқлаш, муҳим сиёсий жараёнда муносиб иштирок этиш, айниқса, ҳар бир инсоннинг манфаати ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш йўлида адолатли жамиятни барпо этишга бор имкониятини сафарбар қилиб, керакли чора тадбирларни кўрмоқда.

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+