Инсон қадри инсон ҳуқуқларининг рўёби билан ўлчанади

21.12.2022 19:12:55

МУНОСАБАТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси 2022 йилнинг сарҳисоби ва 2023 йилнинг эса дастурий вазифаси сифатида янгради.

Халқимиз оммавий ахборот воситаларидан узоқлашмаган ҳолда мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётганини, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини, 2023 йилда амалга ошириладиган давлат сиёсати ҳақидаги маълумотларни Давлатимиз раҳбарининг мардонавор сўзларидан эшитиб, Ўзбекистоннинг эртанги куни янада порлоқ бўлишига ишонч ҳосил қилмоқда.

Дарҳақиқат, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ва самарали ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 80 миллиард доллардан ошганлиги, иқтисодиётимизга жорий йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келганлиги, экспорт 19 миллиард долларни ташкил этганлиги ҳақидаги кўрсатгичлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш учун иқтисодий пойдевор сифатида йил сайин мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолатдир.

Айтиш жоизки, дунё нотинч бўлиб, кўплаб мамлакатлар беқарор тебраниб турган айни пайтда бизнинг юртимизда эришилган ютуқлар кўз ўнгимизда гавдаланмоқда.

Мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари кун сайин янги қиёфа касб этмоқда. Бунёд этилаётган янгидан-янги уй-жой қўрғонлари, ҳатто маҳаллаларга қадар кириб бораётган кенг ва равон кўчалар, юзлаб ташкил этилган таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, метро ва тезюрар поездлар, ҳаво лайнерлари ва ҳоказо. Одамларимизнинг фаровонлигини нафақат пойтахт, туман ва қишлоқ кўчаларига сиғмай бораётган автомобиллар қатновидан ҳам билиш қийин эмас. Бир сўз билан айтганда, ўтиб бораётган йил инсон қадрини улуғлашга, маҳаллаларни обод маданият ва маърифат масканларига айлантиришга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш йили бўлди. Бу ишлар Юртбошимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг жасоратли меҳнати эвазига амалга ошмоқда.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада кириб келаётган Янги йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилганида бутун вужудимиз қувончга тўлди. Ёрқин келажак сари янги қадамлар қўйилди. Бундан кейинги барча эзгу ишларимиз инсон қадрини ошириш, таълим сифатини яхшилаш учун йўналтирилиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Маълумки, инсон қадри инсон ҳуқуқларининг рўёби билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан, Мурожаатномада инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

"Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим, – деди Президентимиз ўз нутқида. – Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказамиз. Энди терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қиляпмизми? Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрамиз. Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак".

Мурожаатномада танқидий таҳлил ва халқаро амалиётга асосланган бундай фикрларнинг билдирилиши «Адолат» социал-демократик партияси фаолларини ҳам бефарқ қолдирмади. Дарҳақиқат, биргина хатолик туфайли инсон ҳуқуқлари бўйича энг оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган жараён – дастлабки тергов жараёнидир.

Деҳқон сувни қайси томонга бурса, сув ўша томонга оққани каби, тергов ҳам терговчининг билимига, савиясига, тажрибасига ёки мақсад ва муддаосига қараб ўз ўзанини ўзгартириб юбориши мумкин. Шу боис, тергов сифати устидан прокурор назоратини кучайтириш, терговда ҳимояни тўлиқ таъминлаш, ҳар қандай шароитда холисликни йўқотмаслик тақозо этилади.

Мурожаатномада бу масалалар юзасидан, энг аввало, Олий Суд Раиси ва Бош прокурор ташвишга тушиши кераклиги таъкидланди. «Адолат» социал-демократик партияси ҳам тергов сифатини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунчиликни такомиллаштириш ва ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалаларидан ўзини четга тортмайди. Биз бу борада тегишли давлат органлари билан ҳамкорликни изчил давом эттирган ҳолда Президентимиз томонидан кўтарилган масалаларни ечимини топишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатларимиз ва барча фаолларимиз билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиламиз.

Нима сабабдан ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларнинг электрон тизими ишга тушмаганлиги юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатамиз.

Мурожаатномада қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатиш, одил судлов сифатини оширадиган тизимни яратиш, юртдошларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам бериш зарурати ҳақидаги даъватлар ҳақиқатдан ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Айниқса, фуқаролик ишларини кўрувчи туман судларининг тарқоқлиги фуқароларимизга кўпдан буён қийинчилик туғдириб келмоқда. Маърузада келтирилган муаммоларни бартараф этиш учун мамлакатимизда «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим»ни кенгайтириш ва ривожлантириш зарурати кўринмоқда.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолар ҳақида Президентимизнинг куюнчаклик билан қўйган вазифалари барча мутасадди давлат органлари қаторида «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ва фаоллари учун ҳам аниқ вазифалар эканлигини яхши англаган ҳолда Мурожаатномада илгари сурилаётган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларнинг ижросидаги масъулиятимизни унутмаймиз.

Абдукамол Рахмонов,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+