Инсон қадри улуғланадиган маскан

08.01.2022 10:01:11

Шиддат билан ўтаётган йилларнинг ҳар бирини номланиши мазкур белгиланган давр мобайнида барча соҳаларга жадаллик бахш этади ва шу билан биргаликда тармоқларнинг изчиллик билан ривожланиши ҳамда соҳалардаги мавжуд камчиликларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган янги йил табригида 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинди. Бу бежизга эмас, албатта. Барчамизга маълумки, 2020 йилда юзага келган ҳолат – коронавирус пандемияси, глобал инқироз инсониятни жиддий синовдан ўтказди. Маҳалла ҳар бир ҳудудда, ҳаттоки энг чекка қишлоқларда ҳам фуқароларнинг яқин кўмакчисига айланди.

Қатъий карантин талаблари йўлга қўйилган ўтган даврда махалла орқали фуқароларга зарур ёрдам берилди. Мавсумий даромадидан айрилган, ижтимоий таъминотга муҳтож кўплаб инсонларга саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар кўмаги билан ёрдам қўли чўзилди. Бу борада маҳалла фуқароларнинг биринчи мурожаат қиладиган, кўмак сўраб борадиган манзилига айланди. Ўз ўрнида оилаларда бўлаётган турли ҳолатлар, фуқароларнинг дарду ташвиши, муаммосини ечишда жамиятимиз асоси бўлган маҳалла ҳал қилувчи ўрин тутади. Шундай экан бугун ҳар жиҳатдан маҳалла идораларининг имкониятларини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш бевосита фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланиши ҳамда инсон қадри устуворлигига хизмат қилади.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг 3-бандида маҳалланинг «фаол» моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилиб, ушбу мақсадда маҳалланинг алоҳида жамғармаси ташкил этиш амалиётини жорий этиш, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларда истиқомат қилиб, фаолият юритувчи аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлиги оширилишига алоҳида аҳамият қаратилади.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган ўзгаришлар маҳаллаларнинг ижтимоий ҳимоя институти сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Аҳоли муаммоларини ҳал этишда сифат ва самарадорликни оширади.

Фуқароларнинг фаровон турмуши, оилаларнинг тинчлиги, ёшларнинг соғлом маънавий муҳитда камол топиши – буларнинг барчаси маҳаллада намоён бўлади. Демакки, инсон қадри аввало, мазкур гўшада туғилади, камол топади, қадрланади ва жамиятнинг муҳим омилига айланади.

Манзура САЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+