Инсон қадри улуғланган юртда яшаяпмиз

18.05.2021 21:05:18

Мустақил Ўзбекистонимизда мамлакатимиз Президентининг афв тўғрисидаги фармони ҳар йил  байрам ва Ҳайит кунлари  эълон қилинади. Бунинг боиси бор, албатта.

Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби  илтимосномаларни тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия  фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. Афв этиш маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини қабул қилиш орқали амалга оширилади. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига  асосан  жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаро афв  этилди.

Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод  этилди, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазосини енгилроқ жазо билан  алмаштирилди. Шунингдек, 44 нафар шахсга тайинланган  озодликдан  маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини
60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган  ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади. Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Дарҳақиқат, кечиримлилик, одамийлик халқимизга хос фазилат. Муҳтарам Президентимиз Фармони билан афв этилган маҳкумлар оилалари бағрига қайтариляпти. Жазодан озод этилганлар муносиб меҳнат шароити билан таъминланмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жазодан озод этилган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларни ҳаётга кўникма ҳосил қилишлари учун ёрдам бераяпмиз. Тўғри тушунтириш ишларини олиб бориб, уларни иш билан банд этиш чоралари кўрилаяпти.

Умуман, мен Президентимиз фармонлари айни вақтида эълон қилинганлигини юқори баҳолайман ва қадрлайман. Негаки, ҳар қандай инсон тутқунликдан кўра жамият, халқ орасида умргузаронлик қилса, ҳар томонлама фойдали бўлади. Жазодан озод этилган шахслар ҳам  давлатимиз раҳбарининг бу каби инсонпарварлик сиёсатини ҳеч қачон унутмайдилар.

                                    

 Дилрабо ЧОРИЕВА,

                                                        ҳуқуқшунос, партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+