Янгиликлар 891
Инсон қадрини улуғлаш йўлидаги муҳим қадам
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигини яна бир карра исботлади. Буни ҳар бир юртдошимиз қалбан ҳис этиб турибди.
Сир эмаски, инсон қадрини улуғлаш қонун устуворлиги ва адолат мезонига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бинобарин, давлатимиз Раҳбари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни учинчи йўналиш сифатида белгилаб берди. Қолаверса, “Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Энг эътиборлиси, Президентимиз тизимдаги муаммоларнинг ечимини ҳам кўрсатиб берди. Хусусан, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга туширилади. Айни пайтгача бўлган амалиётда эса гумонланувчи ва айбланувчига тергов органлари билан “ҳамкорликда” иш юритадиган, аниқроғи уларга қарши боролмайдиган адвокатлар хизмати тавсия этилгани кўз юмиб бўлмайдиган ҳақиқат.
Президентимизнинг таъкидлаганидек, қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади. Бу масалада алоҳида Фармон имзоланади. Натижада одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади. Бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш учун бериладиган санкция прокуратурадан судга ўтказилади. Энди терговчи жиноятга алоқадор, деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади. Тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилади. Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади.
Бундан ташқари, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Агар бугунги амалиётга назар ташласак, тергов органи узундан-узоқ айблов хулосасини судга юборади. Суд эса жуда кам ҳолатларда айблов хулосаси билан келишмаслиги мумкин. Ёки нари борса, айблов ўша модданинг енгилроқ қисмига квалификация қилинади холос.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали гумонланувчи ёки айбланувчига нисбатан қийноқ ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилганини ўқиб қоламиз. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатномасида айни масалага ҳам алоҳида тўхталиб, “Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади. Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият. Бош прокурор ва ички ишлар вазири бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шарт” дея таъкидлади.
Мурожаатномада қайд этилганидек, келгусида илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолияти ҳам янги босқичга олиб чиқилади. Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинган тақдирда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Ҳар биримизга яхши маълумки, коррупция жамият тараққиётининг кушандасидир. Шу боис Президентимиз коррупция масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Айниқса, ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупцияга доир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилгани ачинарли ҳолатдир. Коррупцияни бартараф этиш бўйича депутат ва сенаторларни, маҳаллий кенгашларни фаол бўлишга чақирар экан, Юртбошимиз ҳар бир депутат ўзининг округидаги бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишлар, йўлларни ҳар ойда бориб кўрса, буюртмачи ва пудратчидан сифатни талаб қилса, аҳвол ўзгаришини, умуман олганда коррупцияга қарши курашиш борасида алоҳида қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар яратилганини билдирди.
Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилиши кўзланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари юртдошларимизнинг давлатга, амалдаги қонунларимизга бўлган ишончи ва ҳурматини, Ватан тараққиёти учун дахлдорлик ҳиссини юксалтиради.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши
раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг