Инсон қалбига йўл таълим-тарбиядан бошланади

05.10.2020 23:10:53

Мустақиллик Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларининг қаддини кўтарди. Мулоҳаза қилиб кўрсак, инсон қалбига йўл меҳрдан, муҳаббатдан, таълим-тарбиядан, меҳнатга яраша рағбатлантиришдан бошланади. Шу боис барча замонларда ҳам юрт муаллими зиммасига катта масъулият юкланган. Чунки муаллимга ишонган ўқувчи, устозига ишонган шогирд ҳаётга, эртасига ишонади.

Айни шу ҳақиқтни теран англаган давлатимиз раҳбари куни кеча мамлакатимиз ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган табригида “биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз”, деган фикирни ўз ўрнида эътироф этди.

Янги Ўзбекистон муаллими деганда эртанги кундан умиди, ишончи баланд бўлган жонкуяр инсон кўз ўнгимиздан ўтади. Чиндан ҳам, сўзида қудрати уфураётган ўқитувчи ўз ўқувчисининг суянган тоғидир.  “Илм нонга ўхшайди, ўн ботмон нонни кўтариб юриш осон, уни ейиш қийин”, дейди улуғларимиз. Фарзандларимиз қалбига, онгу шуурига зарра-зарра, мисқол-мисқол илм нурини сингдириш, она заминга, ватанга муҳаббат уйғотиш халқпарвар, ватанпарвар қилиб тарбиялаш ўқитувчидан диплом ёки замонавийликнигина эмас, балки ўта фидойиликни ҳам талаб қилади.

Шу боис, Президентимиз таъбири билан айтганда, “миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди”.

Асрлар оша халқимиз тилидан тушмаётган “Устоз отангдек улуғ!” нақли аслида фидойи инсонлар меҳнатига берилган юксак баҳо, беқиёс ҳурмат намунасидир. Ахир кўчадан тўғри мактабга қимтиниб, ҳарф танимай кирган ўқувчи ундан чиқарда ўзида улуғлик касб этади. Ўзини танийди, муҳими, ўзлигини, халқини, Ватанини англайди. Шу маънода Президентимиз мамлакатимизнинг чекка ҳудудидаги муаллимлардан бирини ёдга олиб, унинг меҳнатларини эътироф этиб шундай деди:

“Қоракўл туманида ҳаммамизга маълум бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев номини ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, ушбу мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас эди.

Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти.”

Дунёда ҳамманинг ўғил-қизини – миллат фарзандлари деб билган, уларни бир хил ардоқлайдиган, суяйдиган зот муаллимларни буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

         Умид ШОУМАРОВ,

                                                             Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси,

 Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+