Инсон умри беқиёс

15.04.2022 11:04:22

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида содир этилган чақалоқ ўлими билан боғлиқ мудҳиш жиноят   кенг жамоатчилик томонидан турлича муҳокама этилмоқда. Воқеа тафсилотларига кўра, Нукус шаҳрида жойлашган Перинатал марказида  2021 йил 14 февраль куни  дунёга келган қизалоқ эртасига, яъни 15 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий Перинатал маркази ходимлари ва масъуллари хулосасига кўра вафот этган деб қайд этилиб, патология бюроси ходимларига бериб юборилади.

Патология бюроси ходимлари чақалоқнинг кўкрак қафасида анатомик кесма кесган вақтида чақалоқда ҳаётий белгилар аниқланади ва ҳеч қандай биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилмасдан перинатал марказ шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилади. Натижада, чақалоқ ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги оқибатида вафот этади. Мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 6 апрел куни ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бир қанча масъуллар тегишли тартибда ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, масъуллар ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, бурч ва масъулият хиссини тўлақонли адо этганларида эди, мудҳиш хато қурбони бўлган чақалоқ бугун ўз оиласи бағрида, онасининг меҳр тўла қучоғида униб-ўсаётган бўлар эди. Бироқ эндигина олам юзини кўрган қизалоқ масъулиятсизлик, ўз хизмат бурчига нисбатан лаёқатсизлик  оқибатида бу дунёни бевақт тарк этди. Эндиликда тергов жараёнлари якунланиб тегишли тартибда масъуллар адолатли жазога тортилар лекин, қурбон бўлган  инсон ҳаёти  қайтадан бунёд бўлмайди. Қолаверса, бир маъсум гўдакнинг бевақт ўлими унинг оила аъзоларининг юрагида бир умрга  битмас яра бўлиб қолади. Ўз  ўрнида биз мазкур воқеа ортидан бутун бошли тиббиёт соҳасини айблашдан йироқмиз. Лекин, ҳар бир тизимдаги мавжуд қандайдир камчиликларни тузатиш учун инсон умри гаровга қўйилмаслигини истаймиз. Зотан, инсон қадр-қиммати ҳар нарсадан устун саналадиган бизнинг жамиятда, бундай аянчли ҳолатларга асло ўрин йўқ.

Бахадыр ЖУЗБАЕВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+