Инсон умрининг дахлсизлиги олий мақомга эга бўлмоқда

05.07.2022 12:07:14

Инсонлар қаерда туғилганидан, қаерда яшашидан, ирқидан, миллатидан, келиб чиқишидан, жинсидан, тилидан ва бошқа анатомик белгиларидан қатъи назар битта — одам оиласига мансуб ва барча ҳуқуқларда тенг яратилган. Аммо, бу тенгликка нечоғлик амал қилиш даражаси у яшаб турган жамият ва ундаги ҳуқуқий муҳит билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли ҳам, инсоният битта оила таркибида бўлса-да, турли мамлакатларда, турли даврларда ҳар хил шароитларда яшаб келмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир инсоннинг тенг ҳуқуқли шароитларда яшаши учун босқичма-босқич ҳуқуқий механизмлар такомиллаштириб борилмоқда. Айниқса, жорий йил инсон қадрини улуғлаш мақсади билан тарих саҳифаларига кирди. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар, инсонпарвар давлат барпо этиш Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясидан ўрин олди.

Мамлакатимизнинг Она қонуни — Конституцияда инсон қадрини оширишга оид меъёрларни янада такомиллаштириш ва кучайтириш мақсадида бошланган конституциявий ислоҳотлар халқимиз томонидан кўтаринки кайфият билан қўллаб-қувватланмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганига ўттиз йил тўлмоқда. Демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги 30 йиллик мустақил ҳаёт тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирди. Албатта, ушбу улуғ мақсадлар сари бошланган ривожланиш ва тараққиёт йўлини босиб ўтиш осон кечмади. Аммо, Ўзбекистон халқи танлаган тўғри йўл ва олиб борилган оқилона сиёсат йиллар давомида ўз самарасини бериб келмоқда. Инсон қадр-қимматини оширишга доир ислоҳотлар йил сайин қулоч ёймоқда.

Конституциявий ислоҳотларнинг энг асосий устувор вазифалари —инсон манфаатини тўғридан тўғри ва самарали ҳимоя қилишга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг, шаъни ва қадр-қимматининг, шахсий, мулкий ва маънавий дахлсизликларининг сўзсиз таъминланишига қаратилганлиги билан эътиборга моликдир.

Бир неча минглаб фуқароларимизнинг таклифлари асосида шакллантирилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида олтмишдан ортиқ нормалар қатори “Ўзбекистонда ўлим жазоси таъқиқланади” деган норманинг киритилиши инсон ҳаёти янада ишончли ҳимоя қилинишига қаратилганлиги билан ҳам эътибор тортади, унинг халқчиллигини оширади.

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони билан 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят қонунчилигидан ўлим жазоси бутунлай олиб ташланиб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган эди.

Мамлакатимизда ўлим жазосидан воз кечилганлиги бежиз эмас.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида ҳар бир инсон учун яшаш ҳуқуқи берилган. Биз инсонпарвар демократик давлат учун шундай муқаддас ҳуқуқдан жазо тариқасида маҳрум этиш конституциявий демократик давлат тамойилларига ҳам, инсонпарвар давлат тамойилларига ҳам мос келмайди.

Иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қоидаларига кўра, яшаш ҳуқуқи табиий ҳуқуқ, бундай ҳуқуқдан маҳрум этиш мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 30 сентябрь кунги Қарори билан ратификация қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мезонларига зид ҳисобланади.

Учинчидан, биз мустабитлик йилларининг мудҳиш кунларини, 1937 – 1953 йиллар оралиғида юз мингга яқин ватандошларимиз қатағон қилинганлигини, уларнинг 13 минг нафари отиб ташланганлигини, шунингдек, “пахта иши” билан боғлиқ қатағон йилларини унутганимиз йўқ. Масалан, “пахта иши” билан боғлиқ уйдурмалар оқибатида ватандошларимиз орасида ноҳақ ўлим жазосига ҳукм қилинганлар бўлди. Ачинарлиси шундаки, Мустақиллик йилларида ишлар қайта кўрилиб, уларга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган вақтда ҳукм ижро этилиб бўлганлик ҳолатлари қасдлар, хатолик ёки бефарқликлар билан ҳам инсон умрига завол бўлиш мумкинлигини тарихнинг ўзи гапириб турибди.

Тўртинчидан, инсонларни ўлим жазоси билан қўрқитиш орқали улар устидан зўравонлик қилиш механизми бутунлай ва ишончли барҳам топади.

Бешинчидан, ўлим жазоси фақатгина қисқа муддатли жисмоний жазо ҳисобланса, умрбод қамоқ жазоси йиллар давомида ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам руҳий азобланишни тақозо этади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямизда “Ўзбекистонда ўлим жазоси таъқиқланади” деган норманинг қатъий белгилаб қўйилиши инсон ҳуқуқларига содиқлигимизни, инсон қадрини улуғлашга қўйган катта ва залворли қадамимизни яққол намоён этмоқда. Зеро, табиатнинг гултожи бўлган инсон умри инсонпарвар Янги Ўзбекистонда олий мақомга эга бўлиб, мутлақо дахлсиздир.

Абдукамол Рахмонов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+