Янгиликлар 3402
Инсоний фазилатлари асарларида акс топган
Ўзбек адабиётининг ХХ асрда катта ижодий довонларни забт этишида атоқли адиб Ойбекнинг хизматлари беқиёс. У устозлари Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг энг яхши адабий анъаналарини давом эттириб, ўзининг насрий ва шеърий асарлари, илмий ва адабий-танқидий мақолалари билан ўзбек адабиётини янги тараққиёт босқичига олиб чиқди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 115 йиллигига бағишлаб ўтказилган адабий кечада ёзувчи ижодининг ана шу жиҳатларига эътибор қаратилди. Унда ёзувчи-шоирлар, санъатшунослар, филологлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан драматурглар, адабиётшунослар Ойбек ижодининг энг ёрқин қирралари бўлган “Навоий”, “Қутлуғ қон”, “Улуғ йўл” каби қатор асарлари ҳақида гапириб ўтишди. Адибнинг ҳаёт йўлларига бирма-бир назар солишди. Ойбек ҳам инсон сифатида, ҳам ёзувчи сифатида замондошлари меҳрини бирдек қозонганлиги, ўзи қандай инсон бўлса, инсоний фазилатлари ҳам унинг асарларида ўз аксини топганлигини баён қилишди.
-Ойбек қаламига мансуб роман ва қиссалар қайси давр ҳаётидан олинган бўлмасин, адиб шу давр ҳаётини мукаммал ўрганган, - дейди адабиётшунос олим Шухрат Ризаев. - Айниқса, тарихий давр ва тарихий шахс ҳаёти билан бирламчи манбалар асосида яқиндан танишган ёзувчи сифатида намоён бўлади. Унинг насрий асарларига хос муҳим хусусиятлардан яна бири шундаки, у асар қаҳрамони ёки тарихий шахсни Ватан ва халқ манфаатлари йўлида курашувчи, меҳнаткаш халқ орзу-армонларининг рўёбга чиқиши йўлида заҳмат чекувчи сиймо сифатида тасвирлайди.
-Мазкур адабий кечада ёзувчи ижоди ҳақида кўплаб қизиқарли ва ибратли маълумотларга эга бўлдик, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, уюшма мутахассиси Мансур Жумаев. – Албатта, бу каби хотира тадбирлари ёшларни адабиётга бўлган интилишларини оширишда, ижодий юксалишимизда муҳим аҳамиятга эга деб, ўйлайман.
Кеча давомида адибнинг рафиқаси Зарифа Саидносированинг илк маротаба рус тилида нашр этилган “Ойбегим менинг” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Уюшма фойесида Ойбекнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид фото ва китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Тадбир якунида ёш ижодкорлар томонидан Ойбек шеъриятидан парчалар ўқилди.
Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг