Янгиликлар 3520
Инсониятнинг яқин ва узоқ истиқболдаги барқарор тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ташкилот билан ҳамкорликни ўз ташқи сиёсий стратегиясида миллий манфаатларни илгари суришнинг муҳим платформаси, деб қарайди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз халқаро аҳамиятга эга ташаббуслари билан БМТ доирасидаги ҳамкорликка янгича мазмун-моҳият бағишлаб, икки томонлама алоқаларни жадал мустаҳкамлаб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Президент таклиф этган ташаббуслардан бири глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатга оид бўлиб, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси”ни қабул қилишни назарда тутади.
Эътиборлиси, бу ва бошқа илғор ғоялар Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлари ва изчил амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишлари ифодаси бўлиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
Маълумки, 2015 йилда БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурини қабул қилган. Ўзбекистонда ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий мақсад ва вазифалар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадлари – бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дунёда иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилаш орқали бутун инсониятнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва турмуш фаровонлигини оширишга, адолатли ва барқарор жамият қуришга қаратилган глобал чақириғидир.
Бухорода бошланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форум ва унда БМТ расмийлари, Европа парламенти, Хитой Халқ Республикаси, Малайзия, Индонезия, Латвия, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Туркия, Эрон, Афғонистон, Қирғизистон парламентлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакилларининг фаол иштироки унинг юксак савияси ва салоҳиятидан даракдир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг энг муҳим шартларидан бири – бу кенг қамровли ҳамкорликни самарали йўлга қўйишдир.
Глобал пандемия туфайли дунё мамлакатларида нафақат соғлиқни сақлаш тизимлари, балки иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда инқирозли вазият юзага келганлиги муносабати билан пандемиядан кейинги тикланиш ва барқарор ривожланишда фаол халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган ҳар бир вазифа таҳлили шуни кўрсатадики, уларни ҳал этиш учун фақатгина давлат институтларининг салоҳиятидан фойдаланиш билан чекланиб қолмасдан, жамиятимиздаги барча институтларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш талаб этилади. Бунда давлат органлари билан бир қаторда, бизнес субъектлари ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг иштироки ҳам муҳим ўрин тутади.
Фикримизча, давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари фаолиятини бу соҳага йўналтириш энг тўғри ечимлардан биридир. Зеро, парламентлар бу борада барча зарур ташкилий ва назорат воситаларига эга.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш доирасида ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни аниқ ва тўлиқ бажариб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу жараёндаги етакчилик роли, унинг мазкур соҳадаги давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш жараёнига шахсан бошчилик қилиб, фаол иштирок этаётганлиги бу борада кўрилаётган чоралар самарадорлигини ва таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш керакки, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш Миллий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган. Мазкур қарор доирасида 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш учун 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифани ҳукумат зиммасига олган. Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиб, “йўл харитаси” тасдиқланган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг марказига иқтисодиёт, давлат бошқаруви, шунингдек, ижтимоий ривожланиш ва инсон салоҳияти қўйилган. Ушбу соҳаларнинг барчаси Барқарор ривожланиш мақсадларига сезиларли даражада яқин ва мос келади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида катта тажриба орттирди. Ўйлайманки, бу тажрибанинг бошқа мамлакатлар томонидан ўрганилиши ва таҳлил қилиниши фойдадан ҳоли бўлмайди.
Биргина мисол, Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд қатламларини ҳисобга олишнинг ноёб тизими жорий этилди. Қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ва ёшлар яшайдиган кам таъминланган оилаларнинг номма-ном ҳисобини юритиш, уларнинг эҳтиёжларига давлат томонидан эътибор қаратиш амалиёти йўлга қўйилди. Эҳтиёжманд аҳолини аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлаш учун янги, янада такомиллашган шарт-шароитлар яратилди.
Бу, ўз навбатида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларининг биринчи йўналишидаги, яъни камбағалликнинг барча шаклларини бартараф этиш каби вазифаларни бажариш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, 2030 йилга қадар камбағалликни 2 баравар камайтириш ва ўта қашшоқликни тугатиш, аҳолининг энг кам таъминланган 40 фоизи даромадларининг ўсишини мамлакат бўйича белгиланган ўртача даражадан юқори даражада қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланган.
Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадлари саккизинчи йўналишининг бажарилиши доирасида самарали бандликни таъминлаш, барча учун муносиб иш ўринларини яратиш орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, Ҳукумат томонидан соғлиқни сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, коронавирус пандемиясига қадар соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар бизга вирусли инфекциянинг глобал тарзда тарқалиб кетишининг салбий таъсирини жиддий равишда камайтириш имконини берди. Шунингдек, нафақат шаҳарларда яшаётган, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги фуқароларнинг замонавий тиббий хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятини таъминлади.
Бу борада парламентимиз томонидан ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис палаталари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш, шунингдек, ҳар бир инсоннинг манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга ошириш мақсадида Парламент комиссияси тузилди.
Ўйлаймизки, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг миллий режасини муваффақиятли бажариш орқали инсониятнинг яқин ва узоқ истиқболдаги барқарор тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратиш борасидаги жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларига муҳим ҳисса қўшади.
Бугун барчамиз 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларига эришишда парламентларнинг, давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳаракатларини бирлаштириш ҳар қачонгидан кўра муҳим вазифа эканлигини яхши биламиз.
Форумнинг нуфузли иштирокилари, халқаро экспертлар билан бирга Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича барча манфаатдор тарафларнинг ўзаро ҳамфикрлигини акс эттирадиган ҳужжатни қабул қиламиз.
Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва парламентлараро ташкилотлар билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр!
Ишонамизки, Бухорода ўтказилаётган ушбу анжуман иши самарали бўлиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшади.
Нурдинжон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Републикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери
Фикрингизни қолдиринг