Иш ҳақи, нафақа, пенсия, ёрдам пуллари вақтида берилиши учун...

15.06.2020 15:06:57

Бугун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган коронавирус кўпгина давлатлар қатори Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам жиддий хавф солди. Давлат томонидан кўрилаётган чоралар, инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган тадбирлар ижобий самараларини бераяпти. Карантин широитида аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоялаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимиз жорий йил 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир йиғилишда иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида эътибор қаратилиши лозим бўлган 8 та асосий йўналишни кўрсатиб ўтдилар.

Шулардан биринчи асосий йўналиш иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш лозимлигини давлатимиз раҳбари алоҳида эътироф этдилар. Ҳақиқатдан ҳам бюджет барқарорлиги муҳим масала. Агар бюджет барқарор бўлмаса, иш ҳақидан тортиб, нафақа, пенсия, ёрдам пулларигача вақтида берилмайди. Шу туфайли одамлар моддий томондан қийналиб қолишади.

Кейинги йўналиш - камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи устувор вазифа этиб белгиланяпти. Халқимизда “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деган нақл бор. Президентимиз томонидан амалга оширилаётган тизимли ишларнинг самаралари тез кунларда кўринажак. Қарийб 40 йилдан буён  камбағалликни қисқартириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилмаган эди. Муҳтарам Президентимизнинг камбағалларни камайтириш юзасидан юритаётган сиёсатлари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган фуқароларни ўта қашшоқлашиб кетишига йўл қўймаслик, бой ва камбағал тоифаси юзага келмаслиги учун тинимсиз курашиш ғоясига ҳамоҳанг эканлиги аҳамиятлидир. Вилоятимизда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида ишлар аллақачон бошлаб юборилган.  Биз  айнан шу масалалар бўйича Шаҳрисабз тумани аҳолиси орасида кенг қамровли тушунтириш ва амалий ишларни олиб боряпмиз. Ҳозиргача 300 дан ортиқ хонадонларда томорқачиликдан оқилона фойдаланиш йўлга қўйилди. Боғ ва токзорлар орасига қўшимча экинлар экиш ҳисобига 300 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ҳозир Президентимиз кўрсатмаларига асосан ғалладан бўшаган майдонларга турли озиқ-овқат экинларини экиш ва ишсиз фуқароларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ҳамда фойда олишга йўналтиряпмиз. Шу асосда яна мингдан ортиқ қишлоқ одамларини мавсумий ишларга жалб этамиз.

Иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича белгиланган навбатдаги йўналишлар банк тизимидаги ислоҳотлар, хорижий инвестициялар, экспорт салоҳиятини ошириш, саноатда рақобатбардошликни таъминлаш, кичик бизнес ва рақамли технологияларни ривожлантириш ҳам сира кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Мамлакатимизда Президентимиз томонидан мавжуд вазият устидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракат бир зум бўлсада, бўшаштирилмаяпти. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари юзага келиши мумкин бўлган инқирозли вазиятни олдини олиш, таҳдидли ҳолатларга қарши етти ўлчаб бир кесган ҳолда, ҳар томонлама чуқур ўйланган чора-тадбирларни амалга оширяптилар. Мураккаб таҳликали вазиятда коронавирус балосини батамом тугатиш, инқироз даврида иқтисодиёт тармоқлари барқарор ишлаши ва аҳоли даромадлари камайиб кетмаслиги учун зарур чораларни кўряптилар.

Умуман, биз ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган иқтисодий барқарорликни таъминлашга доир 8 та асосий йўналишда белгиланган устувор вазифаларни бекаму-кўст адо этилишига эришамиз. Коронавирус балосини ҳам ўзбек миллатига хос бўлган кучли ирода, сабр-қаноат, озодалик, орасталик, тартиб ва интизом ила енгиб ўтамиз.

 

Дилрабо ЧОРИЕВА,

Руиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят

Кенгаши фаоллари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+