Янгиликлар 1153
Ишчи гуруҳ фуқаролар муаммоларини ўрганди
“Адолат” СДП Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Ж.Жўраев ҳамда Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Р.Саломовлар партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида шаҳардаги “Шергирон” ҳамда “Жўйбор” МФЙларда истиқомат қилувчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиб, муаммо ва таклифларини ўргандилар.
Мулоқот давомида фуқаролар томонидан ишчи гуруҳга турли мазмундаги муаммолар айтилди. Жумладан, фуқаролар томонидан “Шергирон” МФЙ “Махмуд Тароби” кўчасидаги ички хўжалик йўллари таъмирталаб ҳолга келиб қолгани ҳамда тунги ёритиш чироқлари мавжуд эмаслиги маълум қилинди. Шунингдек, ҳудудда яшовчи аҳоли ушбу ички йўлларни таъмирлашда ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Депутат Р.Саломов ушбу муаммолар юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганишлар олиб борди. Шундан сўнг муаммога ечим топиш мақсадида Бухоро шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ҳудудга тунги ёритиш чироқларини ўрнатишда амалий ёрдам сўраб депутатлик сўрови юборди.
Яна бир худди шундай муаммо шаҳардаги “Жўйбор” МФЙ фуқаролари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда аниқланди. Фуқаролар томонидан “Жўйбор” МФЙ “Наршахий” кўчасидаги ички хўжалик йўллари таъмирталаблиги ва тунги ёритиш чироқлари мавжуд эмаслиги айтилди. Депутат Р.Саломов ушбу МФЙдаги муаммоларга ҳам ижобий ечим топиш мақсадида шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи номига депутатлик сўрови юборди.
“Шергирон” МФЙда яшовчи фуқаролар билан бўлиб ўтган мулоқот жараёнида фуқаролар ҳудуд катта бўлишига қарамасдан бу ерда Давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмаслигини маълум қилиб, депутатдан бу борада амалий ёрдам сўрайди. Депутат Р.Саломов ҳудудга замонавий ДМТТни қуриш учун давлат дастурига киритишда амалий ёрдам сўраб Бухоро шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири номига депутатлик сўрови чиқарди.
Мухтасар ЗОХИДОВА,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг