Янгиликлар 3563
Ишчи гуруҳ ўз ўрганишларига мутасаддилар эътиборини қаратди
Жойларда партия фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари аҳоли муаммоларини ўрганиш баробарида уларнинг амалий ечимларига ҳам аҳамият қаратиб келишмоқда. Асосий мақсад фуқароларни рози қилиш, уларнинг ишончини оқлашдан иборатдир.
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Гулчеҳра Равшанова ва Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари партия шаҳар Кенгаши раиси Юсуф Саломов бошчилигида шаҳардаги “Тўқимачи” МФЙда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганишди. Ўрганишлар давомида эса турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, “Мустақиллик” кўчасида тунги ёритиш чироқларининг йўқлиги, бу эса аҳолига жуда катта қийинчилик туғдираётганлиги айтиб ўтилди. Аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган бу ҳолат депутатлар ва партия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди ҳамда вилоят Ободонлаштириш бошқармасига депутат Азим Собиров томонидан депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди.
“Мустақиллик” кўчасининг 72/1-уйида истиқомат қилувчи бир гуруҳ аҳоли эса ҳудуддаги сув қувурида муаммонинг борлиги ҳамда уй ертўласи эса ачинарли ҳолатга келиб қолганлиги таъкидланди, ишчи гуруҳ бевосита ҳудуддаги тилга олинган ушбу муаммони жойида ўрганишди ҳамда Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Гулчеҳра Равшанова томонидан “Сувоқава” ИЧБ шаҳар бўлимига депутатлик сўрови киритилди.
Юқорида тилга олинган муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга сўровлар йўлланган.
Албатта, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ мутасадди ташкилот раҳбарлари ўн кун муддат ичида сўровга жавоб йўллаши лозим. Бу борада эса депутатлик сўровларида алоҳида таъкидланган.
Халқ дардини ўйлаб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга киришган депутатларнинг асосий мақсади мурожаатларга ижобий ёндашиш экан, тегишли мутасаддиларга йўлланган сўровлардан бош мақсад ҳам шунда. Зеро, ҳамкорликда ва биргаликда ҳал этилган муаммо халқ дардини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг