Ишончли вакил Чилонзорда тарғибот билан банд

05.10.2021 12:10:02

 

«Адолат» СДПдан Президентликка кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили Чилонзор туманида сайловчилар билан сайловолди тарғибот ўтказди. Мухташам “Бунёдкор” стадиони фаоллар залида ўтказилган тадбирда партия фаоллари, депутатлар билан биргаликда чилонзорлик аҳоли иштирок этди.

Ишончли вакил номзоднинг дастуридаги бандларга алоҳида тўхталиб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар мақсад қилинганини қайд этди. Айниқса, суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш масаласига алоҳида ёндошилганлиги таъкидланди.

Унда “Адолат” СДП ижтимоий сиёсатининг асосий мақсади ижтимоий адолатни қарор топтириш ва халқ фаровонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро учун давлат томонидан кафолатланган ижтимоий таъминот тизимини яратиш эканлигига урғу қаратилди.

Меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришиш, ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин кураш олиб бориш, мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, ҳар бир инсонни бой қилиш чораларини кўриш, “Иш ҳақи минимуми”, “Яшаш минимуми” каби тушунчаларнинг қонуний асосларини яратиш белгиланганлиги айтилди.

Номзоднинг ишончли вакили ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли эканлигини эътироф этган ҳолда уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шарти эканлиги ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш дастурдаги асосий бандлар сирасига киритилганлигини таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатимизда ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб бериш, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олишини кафолатлаб бериш асосий ғоялар сифатида келтирилди.

Учрашув сўнгида мавзуга доир қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+