Ишончли вакил сайловчилар саволларига жавоб берди

27.09.2021 14:09:05

 

“Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод  Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиевнинг сайловчилар билан учрашуви давом этяпти.  Фарғона туманининг 26-сонли мусиқа ва санъат мактабида тиббиёт  бирлашмаси,  халқ таълими, мактабгача таълим ташкилоти ходимлари ҳамда  маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида учрашув ўтказилди.

Номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури мазмуни, мақсади, таклиф ва ташаббусларини сайловчиларга етказиш топширилган ишончли вакил Муҳаммаджон Валиев аввало, Фарғона туманининг сўлим табиати,  меҳнаткаш аҳолиси ва самимиятини эътироф этди.

Сайловолди дастури 11 та алоҳида  йўналишларга бўлинган бўлиб,  ҳар бирида муҳим масалалар, муаммо ва уларнинг ечими, таклифи берилган.  Жумладан, “Илм-фан  – адолат ва тараққиёт омили” йўналишида мамлакатимизда  жаҳоннинг  Гавай, Канар ороллари  ҳамда  Чилида  жойлашган  энг нуфузли  обсерваториялари  билан рақобатлаша оладиган  Майданак обсерваториясидан унумли фойдаланган ҳолда астрономия соҳасида аждодларимиз  илмий мероси  анъаналарини давом эттириш ҳамда  ёшларни илм-фан ва юқори технологияларга қизиқишини ошириш ҳақида сўз боради.

Ишончли вакил ҳар бир банднинг аҳамияти,  эртамиз эгаларининг келажагига  таъсири,  тиббиёт, таълим, мактабгача таълим тизимида  киритилиши  кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида  батафсил маълумот берди.

Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан  ишончли вакилдан жавоб олдилар.

-Ҳар бир соҳанинг  машаққати бор, – дейди сўз олган Сабоҳат Мирзараимова. –   Тиббиёт, халқ таълими соҳасида ишлаётган  ходимларнинг маошларини ошириш тилга олинади.  Аммо мактабгача таълимда ҳам ишлаш  осон эмас. Ўзим  боғчада тарбиячиман.   Ойлик маошларимизни кўтариш масаласига партия алоҳида  эътибор  қаратишини сўрардим.

Шунингдек,  Мафтуна Обидова  ўтган йилга нисбатан олий ўқув юртларига ҳужжат топширган  абитуриентларнинг сони  камайиш сабаблари, Зуҳра Мелибоева қишлоқлардаги оилавий поликлиникалар моддий техник базасини мустаҳкамлаш,  Маъмура  Тўраева  эса  боғчалардаги шароитлар, бир гуруҳда белгиланган сиғимга нисбатан болаларнинг кўплиги, бу эса уларга етарлича эътибор берилмаслигига олиб келаётганлигини ҳақида мурожаат қилдилар.

Учрашув сўнгида мусиқа ва санъат мактабида “Келажагим учун овоз бераман" шиори остида ташвиқот тадбири ўтказилди.

Шўх тароналар, куй-қўшиқлар туман, рақс дасталари чиқишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+