Янгиликлар 1321
Ишончли вакил сайловолди дастурни бандма банд таҳлил қилди
Қоровулбозор туман Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи Маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Бухородаги ишончли вакили Мақсуд Ҳамидовнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Навбатдаги учрашувда партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари, таълим соҳаси вакиллари, тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда сайловда илк маротаба қатанашувчи ёшлар иштирок этишди.
Ишончли вакил Мақсуд Ҳамидов сўзга чиқиб, аввало номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти ҳақида тўхталди, сўнгра сайловолди дастурини сайловчиларга бандма-банд таништириб ўтди.
Жумладан, номзоднинг дастурида таъкидланишича, фуқаролар, айниқса аёллар ва болалар ҳуқуқ-манфаатларини кафолатлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, аҳолининг заиф тоифаларини алоҳида ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим соҳасидаги илгари сурилган ҳамда ёшлар масаласига доир адолатпарвар ғоя ва таклифлар аҳоли томонидан қизғин кутиб олинди.
Ишончли вакил маърузасидан сўнг иштирокчилар сўз олиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Зулхумор Раҳматова, Халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутати:
-Ҳозиргина ишончли вакил томонидан таништирилган номзоднинг сайловолди дастури бу ерга йиғилган барча иштирокчиларни бефарқ қолдирмади, десам хато бўлмайди. Сайловчилар дастурнинг халқчил ҳамда адолатпарвар ғояларига катта қизиқиш билдирдилар. Хусусун, номзоднинг дастурида келтирилган репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътибор марказида бўлиши, таълим соҳаси, тиббиёт, ижтимоий соҳа, коррупция, ёшлар сиёсатига оид бўлган таклифлар жуда ўринли..
Тадбир сўнггида ишончли вакил йиғилган иштирокчиларни сайловда ўзларининг порлоқ келажаги, юрт тақдири учун муносиб номзодга овоз бериб, сайловда фаол иштирок этишга чорлади.
Мухтасар ЗОХИДОВА,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят
Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг