Янгиликлар 608
Ислоҳотлар-келажак пойдевори
Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда биз бухороликлар келажагимиз учун аниқ мақсадлар белгилаб берилганлиги халқимизнинг сўзларида шукроналик ҳисси уфуриб турганлигида.
Президентимиз томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, иқтисодиётни изчил ривожлантириб, янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларни билимли ва касбли қилиш бўйича ҳали кўп ишлаш кераклиги, 544 та маҳалладаги 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини янада яхшилаш зарурлиги, бунинг учун ҳар бир тизим ҳар куни меҳнат қилиши, изланиши кераклиги таъкидланди.
Маърифатпарвар Юртбошимиз: «Муаллим – таълим нажоти» дея таъкидлаб, Бухорои шарифда Нақшбанд таълимотига таяниб, «Кўнгил маънавиятда, қўл ишда бўлиши керак» фикри билан барча ўзининг фикрини ўзгартириши, янги ғоялар билан ҳар бир ишга киришиши, таҳликали даврда ҳар бир масалага маърифат билан ечим излаб, яхши натижаларга эришиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Қолаверса, давлатимиз раҳбари Бухорога хориждан 5 миллион турист келиши учун катта замин ҳозирланаётганлиги, лекин вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликка эътибор сустлиги сабабли уларга сайёҳлар бормаётганлиги, шу муносабат билан Имом ал-Бухорий, Аббос Алиев ва Мухтор Ашрафий обидаларига туташ ҳудудлар, деҳқон бозори ва минг йиллик тарихга эга Бухоро дарвозаси, Исмоил Сомоний мақбараси, истироҳат боғи ва сунъий кўлни жозибадор туризм мажмуасига айлантириш муҳимлигини айтиб, «Чор Минор» ва «Истеза» мадрасалари, «Самарқанд» ва «Дарвозаи Саллохона» дарвозалари, «Масжиди Калон» каби объектларнинг дренаж тизимини таъмирлашга 35 миллиард сўм ажратилишини билдирди.
Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилаётганлиги, Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар катта қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилгани, бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилиши режалаштирилганини эшитиб, юртимиз раҳбарининг узоқни кўра олиш қобилиятига яна бир бор амин бўлдик.
Йиғилишда Бухорода туризмни ривожлантириш билан халқнинг турмуш тарзи яхшиланиши, жиноятчиликнинг олдини олиш, маданий-маънавий муҳитни шакллантириш орқали туристлар сонини янада ошириш мумкинлиги айтиб ўтилди, ватанпарвар бўлишга даъват этилди.
Бу каби ғоялар, лойиҳалар ҳаётда ўз тасдиғини топиши учун шу юртнинг ҳар бир фуқароси, шу муқаддас заминда туғилган ҳар бир инсон ватанини севиши, ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги, Юртбошимиз қўйган вазифаларни сидқидилдан бажариши керак бўлади. Юртбошимизнинг ушбу ташрифлари вилоятимизда келажакда кенг кўламли ислоҳотлар юз бериши, бу эса ўз навбатида халқ розилиги, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаши билан бир қаторда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириши турган гап.
Меҳринисо Бобоназарова
Халқ депутатлари
Қоровулбозор тумани
Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг