Ислоҳотлар “Обод” маҳалла учун эмасми?

19.04.2021 17:04:27

Ўлкамизда яшариш, янгиланиш фасли ҳукум сурмоқда. Атроф кўм-кўк, мевали дарахтлар гуллари қийғос очилиб, қушларнинг сайрашидан одамнинг баҳри дили очилади. Юртдошларимиз бўш вақт топдим дегунча, боғ-роғи, таморқа ерларига экин экишга чорланади. Бунёдкорлик ишлари, кўча-кўйлардаги ободонлаштириш, айниқса, марказий кўчаларнинг ён томонларига гул кўчатларини экиш каби бунёдкорлик ишлари одамга  яшаш ва фаолиятда завқ бағишлайди. 

Мамлакатимизда  бунёдкорлик ишлари қизғин паллада, Тупроққалъа тумани “Обод” маҳалласида яшовчи юртдошларимиз бу бахтдан баҳрамандми?  Бу саволга баён этмоқчи бўлган ҳолатлардан хабар топасиз.

Маҳалла фуқароларининг туман Кенгаши депутати Роза Ибрагимовага маҳаллани шўр босиб, аҳоли қийинчиликларга дуч келаётгани тўғрисидаги шикоят қилиб ёзган аризага асосан, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши фаоллари, депутат Р.Ибрагимова ҳамда “Обод” МФЙ вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилиб, манзилга йўл олдик ва ўрганиш ишларини олиб бордик.

Ҳудуддан ўтувчи заҳкашнинг  айрим тадбиркорлар томонидан фаолияти сабаб,  тўсилиб қолгани боис, маҳалла ерлари шўрланиб,  280 тадан зиёд хонадон 3 йилдан буён азият чекиб келмоқда.

Ўрганиш жараёнида шўрланиш сабаб содир бўлган ҳар бир муаммони аҳоли  асослар билан  кўрсатиб беришди. Жумладан,  Отахон Раҳимовнинг боғи 30 см.гача қазиб кўрилган  эди, хақиқатан ҳам шўр сув сизиб чиқа бошлади.

25 йилдан буён  таълим соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган Райҳон опа Яқубованинг эътирозлари ҳафсаламизни пир қилди ва уйнинг  фундамент қисми 15 см емирилиб яроқсиз ҳолатга келиб қолгани ва хоналарнинг ички деворлари  ойна жойигача  кучли ўмраб бораётгани аниқланди.

Бу ҳолатдан баттарини эса унинг қўшниси Тўхта она Қаландарованинг уйида гувоҳи бўлдик. Уйининг фундаментларини шўр емириб бораётгани бир томон бўлса, таъмирланганига 1 йил ҳам бўлмаган уй деворларининг яроқсиз  ҳолатга келиб қолгани ишчи гуруҳнинг эътиборини тортди. Уй эгаси “Ҳали бошқа эҳтиёжларимизга маблағни зўр-базўр етказаётганимизда, бу муаммо оиламиз бюджетига катта миқдорда зарар етказиб, яшаш шароитимизни орқага тортмоқда” дея ўксиниб гапирди.

Уйлардан турли ҳашоратлар, зах хидлар кўпайиб одамларни безовта қилаётгани, хатто поллар  яроқсиз ҳолатга келиб қолгани тўғрисида ҳам гапиришди.

Қўшни маҳалла одамларининг боғларига қараб ҳавас қиламиз, - дейди фарзандларини бағрига босиб кўз ёшлари билан Бикажон Маткаримова.

– Боғимизда биронта ҳам экин унмайди. Сабзавотлар, мевали дарахтларимиз бор эди, ҳаммасидан маҳрум бўлдик.

Яраш Отабоевнинг 5 сотихга яқин  уй томорқасида шўрланиб ётган майдонда фақатгина эски 1 сотихда иссиқхонанинг   ҳали бузиб улгурмаган тахталаридан бошқа ҳеч нимани кўрмаганимиздан  қаттиқ ранжидик. Унинг боғи ҳам қазиб кўрилганда 20-30 см.дан сўнг  шўр сув чиққанидан ажабландик.

Уйимиз 8 сотихдан иборат бўлиб, шундан 4 сотики уй томорқам ҳисобланади,  бундан 3 йил олдин, боғимдаги  мевали дарахтлар, полиз экинлари, гуллар, 1 сотихда шаклланган иссиқхонамда етиштираётган сабзавот, полиз экинларига маҳалламдошларимизнинг ҳаваси келарди,-дейди Я.Отабоев. – Хатто МФЙ раиси ва фаоллари келиб  намуна учун расмга ҳам олиб кетишган. Иссиқхонамдан олган даромадимиз орқали  яшаш шароитимизни анчагина тиклаб олган эдик. Мана кўриб турганингиздек, “шўрланиш” балоси  таморқамизга таъсири ўтказмасдан қўймади, ҳосилдор еримиз ўлик ерга айланиб қолди. Дардимизни кимга айтишни билмай қолдик.

Шундан сўнг, фуқаролар  бизни маҳаллада жойлашган 6-сон умум ўрта таълим мактаби томон ундашди. Мактаб деворлари ҳам шўрланиш натижасида ўмрай бошлагани аниқланди. Энг ачинарлиси, спорт майдонни шўрланиш эгаллаб олган.

Шу мактабда қўриқчи вазифасида ишлайман,– дейди О.Раҳимов.  – Маҳалла болаларининг майдонда футбол ўйнашидан хурсанд бўлиш ўрнига ичим куйиб кетади. Уларнинг  спортга  бўлган қизиқиши  ўйин пайтида  кўтарилган оппоқ чангдан баланд келади. Шўрланиш хатто одамларнинг ҳам соғлигига зарар етказмоқда.

Мактаб олдидаги “Ал-Хоразмий” кўчасига қўл узатиб дардини баён этишда давом этди суҳбатдош. Шу кўчада гуркураб ўсиб келаётган 20-30 йилги гужумларнинг соясидан йўловчиларнинг баҳри дили очиларди. Гужумлар, йўл атрофидаги манзарали дарахтлар ҳам шўрланишнинг қурбони бўлиб 2 йилда  ўтинга айланди.

Дархақиқат,  кўчага бошдан оёқ разм солганимизда биронта ҳам  нав-ниҳолни кўрмадик.

Ўрганишлар давомида тўсиб қолинган захкаш томон йўл олдик. Фуқароларнинг тушинтиришича,  захкашда сув оқмагани сабаб, сув сатхи кўтарилиб, маҳаллага зарар етказмоқда. Агар муаммо тезкор бартараф этилмаса, шўрланиш маҳалланинг барча қисмини эгаллаб олиши аниқланди.

Ишчи гуруҳ, мазкур муаммо юзасидан вилоят ҳокими ҳамда Тупроққалъа туман ҳокимига,  гуруҳ аъзолари томонидан ўрганиш жараёни тасвирга олинган   видеоролик орқали,  оғзаки ҳамда ёзма мурожаат этди.

Бир сўз билан айтганда, Муҳтарам Президентимиз ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун тиним билмасдан меҳнат қилаётган бир пайтда тупроққалъалик мутассаддилар нега бу муаммо билан қизиқишмаяпти. Маҳалла аҳолиси  бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат этишган, депутат Роза Ибрагимова депутатлик сўровлари чиқарган. 

Маҳалла аҳолисининг  уч йилдан буён  азият чекиб келаётгани, ҳалигача баҳор нафасини  туя  олмаётгани, яшнаш-яшариш фаслидан  бебаҳра қолиб келаётгани, неча йиллик боғ-роғидаги кўркамлик, рисқу насибасидан  маҳрум бўлишгани,  энг ёмони уларнинг “дод”ини  мутасаддилар эшитиб жим бўлаётганини қандай тушунса бўлади. Наҳотки, лоқайдлик натижасида  “Обод” маҳалласи барбод бўлса. Наҳотки, ислоҳотлар “Обод” маҳалласи фуқаролари учун эмас? Бунга ким жавоб беради? Жабрланувилар орасида ўзингиз ёки яқинларингиз бўлса қандай йўл тутган бўлар эдингиз? Бу каби  саволларнинг кети узилмайди. Жавобни эса  тупроққалъалик  тегишли мутасадди раҳбарлардан  кутиб қоламиз.

                                                                                                                                  Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                                                Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                                     Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+