Янгиликлар 1894
Ислоҳотларга камарбаста бўламиз
Ўтган йил заҳматкаш халқимиз учун синовлар йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Пандемия бутун Ер юзини ларзага солган бўлса, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қарамасдан сабр-тоқатли халқимиз ушбу пандемияни ҳам матонат билан енгиб ўтмоқда. Юртбошимизнинг оқилона олиб борган сиёсати, халқимизнинг бирдамлиги, ушбу синовларни енгиб ўтишга куч бўлди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаати, ушбу ўтган 2020 йилимизнинг сарҳисоби ва янги 2021 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар борасида бўлдики, бу ҳар бир фуқаронинг қалбида улкан иштиёқ, янгича фикрлар, янгича дунёқарашни гавдалантирди. Ўтган 2020 йил нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё мамлакатлари учун тарихда қоладиган йил бўлди десак ўринли бўлади. Улкан иқтисодий инқирозлар, таълимдаги танаффуслар (онлайн таълим бундан мустасно), қанчадан-қанча инсонларнинг орамиздан кетиши, инсониятни яна бир бор сергаклантирди.
Президентимиз ўз нутқида юқорида кўрсатилган глобал муаммоларни алоҳида эътиборга олиб ўтди. Шундай бўлишига қарамасдан янги йилда давлатнинг барча соҳаларида тизимли лойиҳаларни амалга оширилиши ҳақида бирма-бир тўхталиб ўтди. Халқ таълимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган янгиликлар бутун халқимизни қувонтирди. Айниқса ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ўқитувчи мақомини оширишга, уларни ҳам маънан, ҳам моддий рағбатлантиришга қаратилган сиёсатни жадал давом эттириш кераклигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ўзим таълим соҳасида фаолият олиб бораётганлигим боис бу гаплардан жудаям тўлқинланиб кетдим. Чунки муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон-мактаб остонасидан бошланади” деб таъкидлаган гаплари, ушбу мурожаатдаги сўзларига мос ва монанддир. Барча тараққий этган давлатларнинг ривожланиш асоси таълим билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ўз исботини топган.
Ушбу мурожаатда халқ таълимини 2021 йилда янада ривожлантириш мақсадида 10 та Президент мактаби қурилиши, республикамиз бўйлаб 320 та мактаб қайта реконструкция қилиниши, педагог ходимларни моддий рағбатлантириш, яъни, олис ҳудуддаги мактабларга бориб ишлайдиган ўқитувчиларнинг ойлигига қўшимча устамалар белгиланиши назарда тутилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан ташқари таълимнинг дебочаси бўлмиш “мактабгача таълим” тизимини ривожлантириш, яъни мактабгача таълим тизимида болаларнинг қамровини 2021 йилда 65 фоизга, 2023 йил охири бўйича эса 75 фоизга етказиш режалари белгиланди.
Бошланғич таълимда ўқитилаётган дарсликларни қайта кўриб чиқиш, бошланғич синф ўқувчиларига , уларни фикрлашга ўргатадиган дарсликлар ишлаб чиқиш кераклигига ҳам эътибор қаратилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилишини айтиб ўтдилар. Юртимизнинг барча ҳудудидаги мактабларда таълим худди пойтахтдагидек сифатли ва юқори бўлиши шарт. Бунинг учун чекка ҳудудларга ҳам малакали кадрлар етиб боришлигини таъминлаш зарур эканлигини муҳтарам Президентимиз алоҳида таъкидладилар.
Барча ишларни амалга ошириш учун албатта, авваламбор соғлик-саломатлик керак бўлади. Сиҳат-саломатлик бўлмаган жойда на таълим олишга иштиёқ, на ислоҳотларни амалга оширишга шароит бўлади. Шунинг учун муҳтарам Президентимиз янги 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб бежизга номламади. 2021 йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим олишда, уларнинг тадбиркорлик борасидаги режаларини амалга оширишга, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилишини қатъий таъкидладилар. Бу ислоҳотларни амалга оширишда биз депутатлардан ҳам катта куч талаб қилинади. Янги Ўзбекистонни келажагини қуришда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб ишлаш ҳар бир депутатнинг вазифаси ва бурчи ҳисобланади.
Муталлиб РАҲИМОВ,
Халқ депутатлари Иштихон туман кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг